Коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахсларнинг электрон реестри юритилади
Давлатимиз раҳбари 2026 йил 22 июнда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.
Қонун билан жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганлик, фирибгарлик учун ҳукм қилинган ва содир этган жинояти туфайли етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қопламаган шахсга қўлланилмаслиги белгиланди.
Давлат органлари ва ташкилотларида комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ташкил этилади.
Давлат органлари ва ташкилотлари, ҳудудлар ва соҳалар кесимида коррупция даражасини аниқлаш ва уни минималлаштириш мақсадида коррупцияга оид хавф-хатарлар харитаси шакллантирилади.
Коррупцияга оид хавф-хатарлар харитаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан юритилади.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик натижасида тузилган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш қонунда белгиланган тартибда, ваколатли давлат органининг, манфаатдор шахснинг аризасига асосан суд томонидан амалга оширилади.
Ўзи меҳнат фаолиятини олиб бораётган давлат органида коррупцияга оид жиноят тўғрисида асосли хабар берган шахсга Коррупцияга қарши курашиш агентлигини олдиндан хабардор этмасдан 2 йил давомида интизомий жазо чораларини қўллашга йўл қўйилмайди.
Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахслар Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг электрон реестрига киритилади.
Ички ишлар вазирлиги коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларга нисбатан айблов ҳукми қонуний кучга кирган пайтдан эътиборан 3 иш куни ичида реестрга шахс ҳақидаги маълумотларни киритади.
Электрон реестрда коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахслар тўғрисидаги маълумотлар Жиноят кодексида белгиланган судланганлик муддати давомида сақланади.
Электрон реестр Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда юритилади.
Н.Абдураимова, ЎзА