Корпоратив спортни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди
Спорт вазирлигида мамлакатимизда корпоратив спортни тизимли ривожлантириш, корхона ва ташкилотлар ходимларини оммавий спортга жалб этиш ҳамда Ўзбекистон корпоратив спорт ассоциацияси фаолиятининг истиқболли йўналишларига бағишланган тақдимот ўтказилди.
Тақдимотда корпоратив спорт клубларини шакллантириш, ходимлар ўртасида мунтазам спорт машғулотлари ва мусобақаларини ташкил этиш, шунингдек, компанияларнинг спорт соҳасидаги фаоллигини баҳолаш ва рағбатлантириш механизмлари ҳақида маълумот берилди.

Муҳокамалар жараёнида келгусида ташкил этилиши режалаштирилган корпоратив футбол ва мини-футбол лигаси, Ўзбекистон корпоратив олимпиадаси ҳамда “Tashkent Corporate Padel Open” халқаро турнирини ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашувда корпоратив спортни бошқариш ва мувофиқлаштириш жараёнларини рақамлаштириш масалалари таҳлил қилиниб, жорий йилнинг 24 октябрь куни Жиззах шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Ўзбекистон корпоратив киберспорт кубогига тайёргарлик ҳолати хусусида мутахассислар ахбороти тингланди.

Таъкидланганидек, ассоциациянинг рақамли платформасини яратиш, корпоратив спорт клублари реестрини юритиш, компанияларнинг спорт рейтингини жорий этиш, ихтиёрий сертификатлаш тизимини шакллантириш ҳамда мусобақалар натижаларини электрон ҳисобга олиш бугунги куннинг энг муҳим вазифаси ҳисобланади.
Муҳокама ва таҳлиллар натижасида белгиланган вазифаларнинг ижроси юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар юкланди
Т. Рўзиев, ЎзА