Коронавирус: Ўзбекистондан ташқарида
АҚШда вирусдан зарарланиб оламдан ўтганлар сони 2001 йил 11 сентябрь воқеаларида қурбон бўлганлардан 3 маротаба кўп.
Коронавирус пандемияси билан боғлиқ тўлқинлар ҳали ҳанузгача долзарб бўлиб, касалланганлар сони муттасил ортиб бормоқда. Деярли бутун дунё бирлашган ҳолда бугун вирусга қарши чора тадбирлар ишлаб чиқмоқдалар, фуқаролар имкон қадар уйда ўтиришлари, агар ортиқча эҳтиёж бўлмаса, кўчага чиқмасликлари сўралмоқда.
Энг қувончлиси, коронавируснинг биринчи тўлқини кечган Хитой Халқ Республикасида охирги суткада битта хам касал қайд қилинмагани бўлди.
Шунга қарамай расмий Пекин карантинни бекор қилиш тўғрисида ҳали шошилмаслик керак, деган қатъий фикрда турибди. Ва одамлар кўп йиғиладиган ва гавжум жойларда доимий равишда аҳолининг тана ҳароратини ўлчайдиган тепловизорларни жорий қилиш бўйича ишлар олиб бормоқда. Аммо 8 апрелдан Ухан ўз ҳудудларини очиши маълум қилинди.
АҚШда касалланганлар сони 350 мингдан ошди. Аммо Нью-Йорк штатида кунлик ўлим сонида биринчи маротаба камайиш тенденцияси кузатилди. Шундай бўлса-да, АҚШда вирусдан зарарланиб оламдан ўтганлар сони 2001 йил 11 сентябрь воқеаларида қурбон бўлганлардан 3 маротаба кўпроқдир.
АҚШ маъмурияти фуқароларга карантин чораларини яна ҳам қатъий қўймоқда. Одамлар тўпланиб қолишини ва касалликни олдини олиш мақсадида супермаркетларга фақатгина 1 нафар оила аъзоси боришини тавсия қилишмоқда.
Францияда вирусга чалинганлар сони 70 мингдан ортиб, қурбонлар сони 8 минг нафардан кўпайди. Мамлакатда аҳвол мураккаблигича қолмоқда. Бир кунда реанимация бўлимларига оғир ҳолда тушаётганлар сони 140 та одамни ташкил этяпти.
Оғир пайтда ўзгаларга ёрдам берувчи ўт ўчириш хизматида вирусга чалинганлар 30 тага етди. Касалхоналарга дориларни етказиб беришда тақчиллик юзага келмоқда. Кўпгина энг зарурий дорилар ва тиббиёт воситалари Ҳиндистон ва Хитойдан импорт қилинмоқда.
Италияда ҳам қайсидир маънода ижобий ҳолат вужудга келмоқда. Икки кундан буён жонлантириш бўлимига тушаётганлар сони камаймоқда. Жами вирус юқтирган беморлар 133 минг кишига етди, шундан салкам 16 минги ўлим билан якунланган.
Кеча Хитойдан юборилган 40 тонна инсонпарварлик юклари Сицилия ороли аҳолиси учун етказиб берилди. Рим аҳолиси учун эса машҳур “Alibaba Group” фонди томонидан 100 та респиратор ортилган 4 та юк машинаси, 50 минг дона ниқоб, 50 мингта медицина халатлари ва бошқа керакли воситалар етказиб берилмоқда.
Германияда касалланганлар сони 100 минглик довондан ошди. Аммо уларнинг қарийб 30 минги тузалиб чиқди, 1600 та ўлим ҳолати юз берди. Германия ҳукумати вируснинг иккичи тўлқини бошланишидан хавфсираб, барча касалхоналарнинг интенсив даволаш бўлимларидаги ўринларни амалдаги 28 мингдан 40 минггача кўпайтирди.
Ҳукумат мамлакатда яшаётган ҳар бир фуқаро саломатлиги тўғрисида чуқур қайғуриш ва сифатли тиббий хизмат масаласига чуқур ёндашиш кераклигини айтиб, ихтиёрий тест топшириш амалиётларини кучайтирмоқда. Сабаби, инсон ҳеч бир касаллик аломатларисиз ҳам бу вирусни ташувчиси бўлиши мумкинлиги исботланди.
Британияда ҳозиргача мамлакатда коронавирус билан касалланганлар сони 55 минг нафарга етди, суткасига 3700 тадан кўпаймоқда. Касаллик бош вазир Борис Жонсонда ҳам аниқланди ва сиёсатчи юқори тана ҳарорати билан касалхонага ётқизилди. Мамлакатдаги аҳвол ҳозиргача жуда оғир дея баҳоланмоқда.
Россия Федерациясида қатъий карантин чораларини қўллаётганига қарамасдан вирус давлатнинг 79 та ҳудудларини ва 5,5 минг фуқарони қамраб олди. Биргина Москва шаҳрининг ўзида 4 минг касалланганлар аниқланди ва умумий касалланганларнинг 66 фоизи пойтахт улушига тўғри келмоқда. Мамлакат бўйича ҳозиргача 700 минг тест ўтказилди. Россияда коронавирус билан оғриётганлар асосан 45 ёшдан кичиклар, дея айтилмоқда.
Албатта, биз юқорида кўриб ўтган ривожланган давлатлардаги вазият билан юртимиздаги чора-тадбирларни қиёслаганда бизда анча қатъий ишлар олиб борилаётганига гувоҳ бўламиз. Шунга қарамай, касалликни юқтириб олганлар сони 500 кишилик психологик нохуш чегарадан ўтгани ҳар биримизни сергак ва огоҳ қилиши шарт.
Бир-бирига узвий боғланган бу давом этувчи “занжирни” узиш ва хатарни тўхтатишнинг энг самарали йўли – ҳар бир инсон ўз уйини мустаҳкам ва муқаддас қўрғон билиб, мулоқотни имкон қадар чеклаб ташлаши керак. Атрофимиздаги инсонлар ва оила аъзоларимизнинг наинки ҳаёти учун аввало ўзимиз масъулмиз.
Гулрухсор РАВШАНОВА,
халқаро шарҳловчи