Коронавирус сув орқали юқадими?
Денгиз ёки бассейнда чўмилганда, СПА-салонларида муолажа олганда коронавирусдан зарарланиш эҳтимоли жуда кам экан.
Денгиз ёки бассейнда чўмилганда, СПА-салонларида муолажа олганда коронавирусдан зарарланиш эҳтимоли жуда кам экан. Испания Илмий тадқиқотлар олий кенгаши (CSIC) олимлари шундай хулосага келишди.
Изланувчиларнинг қайд этишича, денгиз суви таркибидаги тузлар эрувчанлик билан биргаликда вирус фаоллашувига зид келадиган хусусиятга ҳам эга экан. Бундан ташқари сунъий сув ҳавзалари, яъни бассейнлар ва СПА-салонларда вирус фаолиятини сусайтиришга хизмат қиладиган дезинфекция воситалари кенг қўлланади. Қолаверса, сауналар, буғли ҳаммомларда доимий ҳаво ҳарорати зараркунандаларни ҳалок қиладиган меъёрда, яъни +60 даражадан юқори бўлади.
Бинобарин, дарёлар, кўллар, чучук ва қайта ишланмаган сувли ҳавзаларда вируснинг яшовчанлик даражаси юқори бўлади. Демак, айнан шундай жойларга борганда барча зарур эҳтиёт чораларини кўриб қўйган маъқул.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, коронавирус юқиши хавфи қуруқликда, яъни қумли пляж ёки сув ҳавзаси қирғоғида нисбатан кўпроқ. Шу билан бирга, тадқиқот муаллифлари денгиз суви таркибидаги тузлар ва қуёшнинг ультра бинафша нури ҳамда юқори даражагача қизиган қумнинг уйғунлашган таъсири ҳам вирус фаоллигини сезиларли равишда камайтириши мумкинлигини тахмин қилишган.