Коронавирус бўйича дунёда вазият қандай? Қўшни давлатларда-чи?
Коронавирус тарқалишини тўхтатиш, хорижликлар томонидан ГЕРМАНИЯДА озиқ-овқат маҳсулотлари ва биринчи эҳтиёждаги буюмларнинг оммавий равишда сотиб олинишининг олдини олиш мақсадида Германия 16 мартдан Франция, Австрия ва Швейцария билан чегараларни ёпди.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус қурбонлари сони фожиавий ҳисобланувчи кўрсаткичдан ўтиб кетганини маълум қилган эди. Дунё бўйлаб коронавирус билан касалланганлар сони 156 мингга етди. Улардан 72 минг 624 нафари соғайди. 5 минг 820 дан ортиқ киши вафот этди. Европа Иттифоқи коронавирусга қарши курашиш ва пандемиянинг иқтисодий оқибатларига қарши курашиш учун бир қатор чоралар кўрмоқда. Европа парламенти раиси Давид Сассолининг таъкидлашича, “Европа Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан бери бундай драматик инқирозни билмаган”. Хитойда коронавирус пандемиясининг чўққиси ортда қолди. Мамлакатдаги иқтисодий фаоллик қайта тикланмоқда.
Коронавирус тарқалишини тўхтатиш, хорижликлар томонидан ГЕРМАНИЯДА озиқ-овқат маҳсулотлари ва биринчи эҳтиёждаги буюмларнинг оммавий равишда сотиб олинишининг олдини олиш мақсадида Германия 16 мартдан Франция, Австрия ва Швейцария билан чегараларни ёпди.
ҚИРҒИЗИСТОНДА 16 мартдан бошлаб барча мактаблар ва олий таълим муассасалари 3 ҳафтага карантинга ёпилди. Бундай қарор Қирғизистон Хавфсизлик кенгашининг Президент Сооранбой Жээнбеков бошчилигида ўтган йиғилишида қабул қилинди. Президент аҳоли саломатлиги энг устувор масала эканини алоҳида таъкидлаб ўтди. У коронавирус бўйича вазият шахсан унинг назоратида экани қайд этган.
Қирғизистон ҳукуматининг таъкидлашича, мамлакатда айни вақтда коронавирусга чалиниш ҳолатлари қайд этилмаган. Зарур эҳтиёж воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан чайқовчилик, асоссиз равишда нархларни оширувчиларга мамлакат қонунлари асосида кескин чора кўрилади. Бу ҳақда фавқулодда мажлисда бош вазирнинг биринчи ўринбосари Кубатбек Боронов маълум қилди, дея хабар берди хукумат матбуот хизмати.
“Биз биринчи кунданоқ мамлакатимизга нафақат коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишига қарши, балки иқтисодий барқарорликни сақлаш мақсадида ҳам иш олиб бораяпмиз. Бироқ кеча айрим бозорларда озиқ-овқат маҳсулотларини ёппасига сотиб олиш ҳолатлари кузатилди. Бу қўшни республикада коронавирус билан боғлиқ биринчи ҳолат аниқланганидан кейинги психологик факт бўлиб, одамлар озиқ-овқат маҳсулотлари етишмаслиги эҳтимолидан ваҳимага тушиб қолишди.
Аммо бундан айрим тадбиркорлар шахсий манфаатлари йўлида фойдаланиб қолишни кўзламоқда. Уларга аҳолининг хотиржамлиги эмас, балки фойда кўриш муҳимроқ. Шу сабабли тегишли идоралар бу каби ҳолатларннинг олдини олиш мақсадида фаолият олиб бормоқда. Барча давлат идоралари, туман ва вилоят раҳбарларига бу каби ҳолат такрорланмаслиги учун бозорлардаги вазиятни назорат қилиш топширилди. Чайқовчиликка алоқаси бор шахсларга нисбатан чора кўрилади, улар кескин жазога тортилади”, – дея ҳукумат аппарати Бороновнинг сўзларидан ихтибос келтиради.
Унинг таъкидлашича, озиқ-овқат маҳсулотлари захираси борасидаги оператив маълумотлар мамлакатда бу маҳсулотлар етарлича ғамлаб қўйилганини кўрсатмоқда. Кубатбек Боронов чегаралар беркитилиши борасида гап йўқлигини алоҳида таъкидлади. “Озиқ-овқатлар асосан Қозоғистондан олиб келинади. Бугун қўшни давлат билан чегаралар беркитилмаган. Ғалла, ун ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келинишида узилишлар йўқ. Сизга маълумки, бош вазир Муҳаммедкалий Абилгазиев Қозоғистон Республикаси бош вазири Асқар Мамин билан телефонда суҳбатлашди. Бу дегани чекловлар бўлмаслигини англатади”, –деган Кубатбек Боронов.
Сўнги бир неча кун ичида аҳоли ўртасида коронавирус тарқалиши туфайли озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги пайдо бўлиши мумкин, деган миш-мишлар тарқалгани боис маҳсулотларга қизиқиш кучайди. Шу сабабли бозор ва супермаркетларда биринчи эҳтиёж маҳсулотларига талаб ортиб кетди.
Таъкидланишича, нархларни оширишга уринган виждонсиз тадбиркорларга нисбатан тегишли идоралар томонидан судга қадар тергов ишлари олиб борилмоқда.
ҚОЗОҒИСТОН 16 мартдан мамлакатда коронавирус тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида фавқулодда ҳолат режимига ўтади. Бу борадаги хабар Қозоғистон Президенти сайтида пайдо бўлди. “Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан COVID-19 янги коронавирус пандемия дея эълон қилиниши боис фуқаролар ҳаёти ва соғлигини ҳимоя қилиш мақсадида Қозоғистон Республикаси қонунчилигига биноан 2020 йил 16 март соат 8:00 дан бошлаб Қозоғистон Республикасининг барча ҳудудларида 2020 йилнинг 15 апрели соат 7:00 га қадар фавқулодда ҳолат жорий қилинсин”, – дейилади қарорда.
Таъкидланишича, фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш билан шуғулланувчи давлат комиссияси ташкил этилади. Қарорда фавқулодда ҳолат режими вақтида амал қиладиган чоралар рўйхати кўрсатиб ўтилган:
жамоат тартибини кучайтириш, муҳим давлат ва стратегик, алоҳида режимли, режимли ва алоҳида қўриқланадиган, шунингдек, аҳоли турмуш тарзини ва транспорт ҳаракатини таъминловчи объектларни қўриқлаш;
йирик савдо объектлари фаолиятини чеклаш;
савдо-кўнгилочар марказлар, кинотеатр, театр, кўргазма ва одамлар тўпланадиган бошқа объектлар фаолиятини тўхтатиш;
карантин жорий қилиш, шунингдек, Қозоғистон мудофаа вазирлиги ва ички ишлар идорларининг бўлинмалари иштирокида кенг қамровли санитария-эпидемияга қарши чораларни кўриш, аҳолининг санитар-эпидемиологик фаровонлиги борасида фаолият олиб бориш;
томошабоп, спорт ва бошқа оммавий тадбирларни, шунингдек, оилавий, хотира тадбирларини тақиқлаш;
Қозоғистон ҳудудига киришни чеклаш, Қозоғистон ва хорижий давлатлар дипломатик хизмати ходимлари, Ташқи ишлар вазирлиги таклифига биноан Қозоғистонга келган халқаро ташкилотлар делегациялари аъзоларига тегишли транспортдан ташқари барча транспорт турларини чиқишини тақиқлаш.
Хабарларга қараганда, даволаниш ва тиббий кўрикдан бўйин товлаган шахслар устидан ҳам назорат кучайтирилади.
15 мартдаги маълумотларга кўра, Қозоғистонда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 9 та ҳолат қайд қилинган.
Тарқатилган хабарларга кўра, Олмаотада коронавирусга чалинган бемор жиноий жавобгарликка тортилган. Олмаота полиция департаментининг хабар қилишича, коронавирусга чалинган бемор аёллардан бири “санитария хизмати ишига тўсқинлик қилган ва касалликка чалинганидан сўнг ўзи билан мулоқотда бўлган фуқаролар ҳақида атайлаб маълумот бермаган”.
Полиция маълумотига кўра, коронавирусга чалинган бемор санитар қоидалар ва гигиена нормативлари (Қозоғистон Жиноят кодексининг 304- моддаси)ни бузгани учун жиноий жавобгарликка тортилган.
Коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилмаган ягона қитъа – Антарктида. Бу ҳақда Жонс Хопкинс университети маълум қилди. Эслатиб ўтамиз, мазкур қитъада атиги бир неча минг киши истиқомат қилади. Улар ҳам бўлса қутб станциялари ходимларидир.