Корхонанинг харидоргир газламалари
Маҳаллийлаштириш дастурининг ҳаётга кенг татбиқ этилаётгани корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини оширишда муҳим омил бўлмоқда.
Маҳаллийлаштириш дастурининг ҳаётга кенг татбиқ этилаётгани корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини оширишда муҳим омил бўлмоқда.Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги "Orange Textile" корхонаси маҳаллийлаштириш дастури доирасида замонавий тўқимачилик ускуналари билан жиҳозланди. 2008 йилда фаолият бошлаган корхонада айни пайтда ўндан зиёд турдаги газламалар ишлаб чиқарилмоқда.
Бу жараёнда банкдан олинган кредитларнинг ўрни салмоқли бўлаётир. Ўтган йили тўқиш, матога ранг беришни янада такомиллаштириш мақсадида 4 миллиард сўмлик банк кредити жалб этилди. Натижада ишлаб чиқариш ҳажми янада ошди.
– Маҳсулотларимизга талаб ортиб бораётир, – дейди корхона раҳбари Шаҳзод Мавлонов. – Бу корхонамиз экспорт салоҳиятини ошириш имконини бермоқда. Хусусан, 2015 йилда хорижга 300 минг долларлик маҳсулот экспорт қилдик.
Корхонада ишчилар учун зарур шароитлар яратилган. Замонавий технологияларни бошқараётган 80 ишчининг аксарияти ёшлар.
– Зангиота маиший хизмат ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежида ўқиган давримда амалиётни ушбу корхонада ўтагандим, – дейди Ислом Обидов. – Ҳозир технологияларни назорат қилувчи оператор вазифасида ишлаяпман. Коллежда ҳам ўқиб, ҳам ҳунар ўрганганим ҳаётда ўз самарасини бермоқда.