Корхоналарда карантин қоидаларига қандай амал қилинмоқда?
Бироқ бугунги вазият «Ўзбекнефтгаз» АЖга катта масъулият юклайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига асосан «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан республика иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолисига ёқилғи-энергетика маҳсулотларини барқарор етказиб бериш мақсадида нефть-газ тармоғида ишлаб чиқариш узлуксиз амалга оширилмоқда.
Бироқ бугунги вазият «Ўзбекнефтгаз» АЖга катта масъулият юклайди. Шу боис, акциядорлик жамият бошқаруви раиси буйруғига асосан тизимдаги корхона ва бошқармаларда коронавирус пандемиясининг нефть ва газ соҳасига салбий таъсирини юмшатиш мақсадида масъул ходимлардан иборат штабнинг кечаю-кундуз навбатчилиги ташкил этилган.
Хусусан, барча объектларнинг маъмурий биноси ва ишлаб чиқариш объектларига кириб чиқаётган ходимлар антисептик воситалар билан дезинфекция қилиниши йўлга қўйилган. Ҳар бирнинг тана ҳарорати ўлчаниб, фақат тиббий ниқоб билан киритиш тартиби жорий этилган. Барча ходимлар корхона ва бошқармалар ҳисобидан ҳимоя ниқоблари билан таъминланмоқда.
Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекциясининг талабномасига асосан коронавирус инфекциясини юқтириб олган шахс билан мулоқотда бўлган шахслар тўғрисида зудлик билан маълумот бериш кераклиги юзасидан ходимлар ўртасида доимий равишда тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Корхона ва бошқармаларда ҳар бир объект дезинфекция қилиш аппарати билан таъминлаган бўлиб, объектлар биноларининг барча хоналари иш бошланишидан олдин ва иш тугаганидан сўнг, бир кунда икки марта дезинфекция қилиниши йўлга қўйилган.
Айни чоғда «Ўзбекнефтгаз» АЖ тасарруфидаги бошқарма, ташкилот ва корхоналарда фаолият олиб бораётган жами ходимлар 44 минг 323 нафарни ташкил этади. Шундан масофадан ишлаётганлар 548 нафар (1,2 фоиз) ва меҳнат таътилига чиққанлар 7 минг 241 нафардир (16,3 фоиз).
Корхона ва бошқармалар ходимларнинг вахта алмашинишида уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, автобусларнинг кунлик дезинфекция қилиш ишлари йўлга қўйилган.
Маълумот ўрнида, шу йилнинг 25 - 29 май кунларида тизимдаги барча корхона ва ташкилотларнинг маъмурий бино ва ишлаб чиқариш объектлари 8 635 дона антисептик восита, 65 032 дона тиббий ниқоб, 31 883 жуфт тиббий қўлқоп, 4 344 дона хўжалик совун, 438 дона дезинфекция воситаси билан таъминланган.
Ўтган давр мобайнида тизим ташкилотлари ишчи-ходимлари орасида коронавирус юқтирган ёки карантинга олинганлар аниқланмади.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати.