Корхонада 200 дан ортиқ бутловчи қисмлар тайёрланмоқда
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг “Қуюв механика заводи” шўъба корхонасида 200 турдан ортиқ бутловчи қисмлар тайёрланмоқда.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг “Қуюв механика заводи” шўъба корхонасида 200 турдан ортиқ бутловчи қисмлар тайёрланмоқда.
Шу кунгача соҳага зарур бўлган 20 га яқин маҳсулотлар маҳаллийлаштирилди. Тележканинг турли эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Корхона томонидан ўтган йилда Ўзбекистонда илк бор тележкалар тормоз қисмлари ҳам шу ерда тайёрлана бошланди. Шунингдек, темир йўлларни электрлаштириш ишларида фойдаланиладиган 10 га яқин турдаги керакли эҳтиёт қисмлар, ирригация ва сув хўжалигида фойдаланиладиган катта ҳажмли сув очиш ва ёпиш мосламаси ҳам шу ерда тайёрланмоқда. Қуюв цехи тўлиқ автоматлаштирилган бўлиб, хорижнинг “KUNKEL WAGNER”, “OTTO JUNKER”, “NEDERMAN” номли нуфузли компаниялари томонидан юқори сифатли ва сўнгги русумдаги ускуналар билан жиҳозланган.
Юк вагонлари ишлаб чиқариш белгиланган режа асосида жадал суръатларда амалга оширилмоқда. 2018 йилда жами 295 та вагон ишлаб чиқарилган бўлиб, унинг аксариятини ярим усти очиқ вагонлар ташкил этади. Шунингдек, корхонада 581 та юк вагони таъмирланди. Жорий йилдан бошлаб заводда 24 метр ўлчамга эга фитинг платформаларини кенг кўламда ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Эътиборлиси, ўтган йил давомида завод томонидан 950 минг АҚШ доллари миқдорида маҳсулотлар экспорт қилинди.




