Кўрик-танлов ғолиблари аниқланди
Навоий шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси вилоят Кенгаши томонидан бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун” шиори остида “Ишбилармон аёл – 2023” кўрик-танловнинг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди.
Ҳакамлар ҳайъати баҳолаш жараёнида иштирокчиларнинг лойиҳа низомига мувофиқ, хотин-қизлар учун қўшимча янги иш ўрни яратгани, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни касб бўйича ўқитган, бандлигини таъминлаган, аҳолига кўрсатаётган хизматнинг сифати ҳамда фаолияти давомида ҳаётга татбиқ этаётган янги инновацион ғояларини алоҳида эътиборга олди.
– Олти йилдан буён давом этиб келаётган танловда 650 нафардан зиёд тадбиркор, ишбилармон ва ҳунарманд хотин-қизлар иштирок этди, – дейди Ўзбекистон Либерал демократик партияси вилоят Кенгаши аппарат раҳбари Муҳаммад Эшниёзов. – Партия томонидан хотин-қизларни оилавий тадбиркорликка, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерликка жалб этиш ҳамда бандлигига кўмаклашиш орқали ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, иқтидорларини кашф этиш борасида бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
[gallery-13219]
Мазкур танлов ҳам ана шундай лойиҳалардан биридир. Танлов якунига кўра, “Дилшоджон орзуси” фермер хўжалиги раҳбари Шаҳзода Тўхтаева 1-ўринни, “Икки фаришта” хусусий корхонаси раҳбари Лобар Қўлдошева 2-ўринни, “Чарос – 2019” корхонаси раҳбари Латофат Ҳусанова 3-ўринни қўлга киритди.
– Фаолиятимни 2004 йилнинг декабрь ойида бошлаганман, – дейди танлов ғолиби Ш.Тўхтаева. – Хўжалигимиз кенг тармоқли бўлиб, боғдорчилик, асаларичилик, балиқчилик, қандолатчилик, паррандачилик каби йўналишларда фаолият олиб борамиз. Ҳозирда 13 та доимий, 250 дан ортиқ мавсумий иш ўрни мавжуд. “Аёллар дафтари” рўйхатида турганлар ва ногиронлиги бўлганлар иш билан таъминланган.
Кўрик танловда оилавий тадбиркорлик, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик фаолиятларида салмоқли ютуқларга эришиб, аҳоли бандлигига кўмаклашишда фаоллик кўрсатиб келаётган бир гуруҳ фаол тадбиркор аёллар ҳам турли номинациялар бўйича тақдирланди.
А.Бўриев,
С.Аслонов (сурат), ЎзА