Кўп тармоқли марказий поликлиникаси фойдаланишга топширилди
Навоий вилояти Нурота туманида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда тиббий хизматлар сифатини янада ошириш мақсадида Кўп тармоқли марказий поликлиникаси мукаммал таъмирланиб, замонавий кўринишда фойдаланишга топширилди.
Муассасанинг очилиш маросимида туман ҳокими Азамат Файзиев иштирок этиб, аҳолига сифатли ва замонавий тиббий хизмат кўрсатиш, касалликларнинг олдини олиш ҳамда бирламчи тиббий хизмат тизимини янада ривожлантириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилаётганини таъкидлади.

Поликлиникада аҳолига қулай шароит яратиш мақсадида замонавий таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, тиббий хоналар белгиланган стандартлар асосида жиҳозланди. Беморларни қабул қилиш, ташхис қўйиш ва даволаш жараёнларини самарали ташкил этиш учун барча зарур шароитлар яратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 июлдаги “Корея экспорт-импорт банки билан ҳамкорликда “Ҳудудий тиббиёт муассасаларини тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Нурота туман тиббиёт бирлашмасига 3,4 миллиард сўмлик 26 турдаги замонавий тиббий ускуналар олиб келинди.

Мазкур технологиялар касалликларни эрта аниқлаш, аниқ ташхис қўйиш ҳамда самарали даволаш имкониятларини янада кенгайтириб, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири