Кўп қаватли уйлардаги ноқонуний қурилишлар
Маълумки, кўп қаватли уйларда яшаш ва фойдаланишнинг ўзига яраша талаблари бор. Жумладан, хавфсизлик ва сейсмик ҳолатларни инобатга олган ҳолда квартиралар ички қисми, деворларини ўзбошимчалик билан бузиш ва ўзгартириш, уйларга туташ ҳудудларда қурилиш ишларини амалга ошириш тақиқланади. Шунингдек, ёнғин хавфсизлиги талабларига бўйсуниш, бошқа фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш талаб этилади.
Афсуски, бу талаб ва меъёрларга ҳамма ҳам бирдек риоя этавермайди. Айниқса, кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватида яшовчилар томонидан хонадоннинг ташқи томонига туташ ҳудудларда ўзига хос иморат ва иншоотлар қуриб олиш кейинги пайтда урфга айланди.
Мисол учун, Фарғона шаҳар “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги кўп қаватли уйларда яшовчилар томонидан шундай қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланди. Ҳудуддаги 116, 116-А, 120-уйларнинг биринчи қаватидаги баъзи хонадонлар эгалари туташ ҳудудларга ўзбошимчалик билан шийпон, ошхона, омборхона каби иморатлар қуриб олган.

– Фуқаролар билан мунтазам тушунтириш ишлари олиб боряпмиз. Айримлар қонун талабларини тўғри қабул қилиб, ўз вақтида ноқонуний қурилишларни бартараф этмоқда. Огоҳлантириш ва кўрсатмаларни писанд қилмай, қўлбола иморатларини бузишни истамаётган фуқаролар ҳам бор. Уларга нисбатан жарима қўлланилиб, охир оқибатда суд кўрсатмасига биноан бундай иншоотлар бузилмоқда, – дейди Фарғона вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекциясининг Кўп қаватли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш бўлими етакчи мутахассиси Муроджон Ахунбоев. – Юртдошларимиздан ушбу талабларни тўғри тушунишларини, уйлардаги бошқарув сервис компаниялар масъулларидан эса аҳолига тушунтириш-тарғибот ишларида фаол ҳамкорлик қилишларини сўраб қолган бўлардим. Ахир, ўзбошимчалик билан амалга оширилган ҳар бир қўшимча қурилиш иморатларнинг бутунлиги ва хавфсизлигига путур етказади, ёнғин хавфсизлигини таъминлашга халақит қилади.

Фарғона вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекциясининг Кўп қаватли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш бўлими ходимлари томонидан жорий йил давомида 1 минг 178 та кўп хонадонли уйларда ўрганишлар олиб борилди. Ўтказилган ўрганишлар давомида вилоятдаги кўп қаватли уй-жой фондлари ва уларга туташ ҳудудларда мулкдорлар томонидан хонадонлар ички қисми ва ертўла деворларига ўзбошимчалик билан ўзгартириш киритиш, уйларга туташ ҳудудларда ноқонуний қурилмаларни қуриш ҳолатлари аниқланди.

Ноқонуний қурилмалар ва хонадон ички деворларига киритилган ўзгартиришларни ихтиёрий равишда бартараф этиш юзасидан 213 та мажбурий кўрсатмалар берилган. Бу ҳолатларнинг 57 таси фуқаролар томонидан ўз муддатида ихтиёрий бартараф этилган бўлса, 64 та ҳолатда инспекция томонидан берилган мажбурий кўрсатмалар талабларини бажармаслик бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 159-моддасига асосан, жами 330,7 миллион сўм маъмурий жарималар қўлланилган. 32 та иш материаллари бўйича эса даъво аризалари Фуқаролик ишлари бўйича судларга киритилган.
Бугунги кунда Президентимизнинг 2023 йил 16 майдаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори бўйича ҳудудларда тегишли тартибда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири