Кўп қаватли уйлар қиш мавсумига тайёрми?
Андижонда куз-қиш мавсумига тайёргарлик, қиш мавсумини беталафот ўтказиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, хусусан, вилоятдаги кўп қаватли уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилди.
– Кўп қаватли уйларни мавсумга тайёрлаш борасидаги ишлар режа асосида амалга оширилди, – дейди Андижон вилояти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Жамшидбек Бозорбоев. – Биринчи навбатда кўп қаватли уйларда аҳолига қулайликлар яратиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича ҳокимликлар, сектор раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, уй-жой бошқарув ташкилотлари билан ҳамкорликда зарур чоралар кўрилди. Умуман, куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўрилди
Вилоятда 1 минг 796 та кўп қаватли уй мавжуд. Уларнинг 1 минг 512 таси 1991 йилгача, 284 таси 2016-2022 йилларда барпо этилган. Мазкур уйларга 19 уй-жой бошқарув ташкилоти томонидан хизмат кўрсатилади. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси, мутасадди ташкилотлар мутахассислари билан ҳамкорликда июль-октябрь ойларида вилоятдаги ҳар бир кўп қаватли уйнинг, жумладан, уйларнинг том қисми, кириш йўлаклари, ертўлалар, йўлакчалар, газ, сув, электр энергияси тармоқлари, канализация тизимларининг ҳолати тўлиқ ўрганилди.

Ўрганишлар натижасида 1 минг 992 та камчилик ва муаммолар аниқланди. Жорий йил 1 декабрига қадар аниқланган камчиликлар бартараф этилди. Жумладан, 97 та уйнинг 7 минг 677 квадрат метр том ва тарнов қисми, 464 та уйнинг кириш йўлаклари, 471 та уйнинг ертўла қисмидаги муҳандислик тармоқлари, 158 та уйнинг фасад қисми таъмирланди. Бундан ташқари, кўп қаватли уйлар олдидаги 69 та болалар майдончаси, 50 та ташқи ҳожатхона, 65 та оқова хандақлар таъмирланди. 609 та уйнинг ташқи ёритиш чироқлари янгиланди. 1 минг 356 та уйнинг ер тўла ҳамда кириш йўлаклари дезинфекция қилинди. Кўп қаватли уйлардаги яроқсиз ҳолга келган 6,8 километр узунликдаги электр симлар, 1 минг 300 донадан зиёд носоз ҳолга келиб қолган кичик турдаги автоматлар янгисига алмаштирилди. Уйларнинг кириш қисмларига 2 минг донага яқин тежамкор сенсорли “ЛЕД” чироқлари ўрнатилди.
– Уйларимиз олдидаги йўлакчалар бетонланди, ёнларига манзарали дарахтлар экилди, уйнинг кириш қисмига ёритиш чироқлари ўрнатилди, – дейди Асака туманидаги Улуғбек маҳалласида яшовчи Адолатхон Абдукаримова. – Амалга оширилган ана шу ишлар натижасида уйларимиз атрофи обод, кўркам қиёфага эга бўлди, қолаверса, аҳолига қатор қулайликлар яратилди.
Вилоятдаги бир қатор кўп қаватли уйларда табиий газ таъминотини яхшилаш мақсадида 2,2 километр узунликдаги қувурлар таъмирланди, 30,2 километр масофадаги тармоқ босим остида, 17,6 километр ер ости қувурлар махсус асбоблар ёрдамида текширилди. 825 та газ тақсимлаш пункти техник кўрикдан ўтказилиб, 2 таси мукаммал таъмирланди. Ҳозирда мавсумни беталафот ўтказиш, аёзли кунларда юзага келадиган муаммоларни тезкор бартараф этиш мақсадида барча туман ва шаҳарларда штаблар тузилиб, 24 соат давомида навбатчилик йўлга қўйилган.
Шунингдек, белгиланган дастурга асосан, 2022 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида 24 та кўп қаватли уй таъмирланди, 17 та янги болалар майдончаси барпо этилди, 2 та мавжуд майдонча таъмирланди. 14 минг квадрат метр майдондаги йўлакчага брусчатка ётқизилди, 216 та ёритиш мосламаси ўрнатилди. 15 та умумфойдаланадиган ҳожатхоналар қурилди. Бу ишлар учун 4,8 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Туман, шаҳар ҳокимликлари бошчилигида Андижон, Хонобод шаҳарлари, Избоскан, Улуғнор, Шаҳрихон туманларидаги Бошқарув сервис компаниялари томонидан юқоридаги каби ишлар намунали олиб борилди. Айни кунда вилоят ҳокими ташаббуси билан қиш мавсумини беталафот ўтказиш, бу борадаги муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш мақсадида ҳар бир туман ва шаҳарга масъуллар бириктирилиб, ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Масъуллар, туман сектор раҳбарлари билан биргаликда кўп қаватли уйлардаги қиш мавсумига тайёргарликнинг ҳолати ўрганилмоқда, эътибордан четда қолган муаммо ва камчиликлар аниқланиб, бартараф этилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, қиш мавсумида кўп қаватли уйларда яшовчи аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатиш, қишнинг аёзли кунларини муаммоларсиз ўтказишлари учун зарур барча ишлар амалга оширилмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА