Кооперацион алоқалар мустаҳкамланмоқда
“Ўзэкспомарказ”да IX Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси давом этмоқда.
“Ўзэкспомарказ”да IX Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси давом этмоқда.Халқаро анжуман доирасида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Ўзбекистон Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти, “Ўздонмаҳсулот” ва “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик компаниялари, “Ўзвиносаноат-холдинг” компанияси, “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси тизимидаги корхоналар маҳсулотлари, шунингдек, Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Бухоро вилоятлари корхоналарининг тақдимотлари ўтказилди.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бу қурилиш-пардозлаш материалларига бўлган талабни ошираётир.
Юртимизда бундай материаллар ишлаб чиқарадиган корхоналар талайгина. Кейинги йилларда улар сафига ушбу соҳага ихтисослашган кичик бизнес субъектлари ҳам қўшилди. Тармоқда амалга оширилаётган модернизация ва диверсификация ишлари самарасида маҳсулотлар тури ва сифати ошиб бормоқда.
– 2013 йилда ташкил этилган корхонамизда қуруқ қоришмалар, травертин, бўёқ, эмульсия, лак сингари импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда, – дейди “Samarqand lak bo’yoq” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шуҳрат Муҳиддинов. – Тўлиқ маҳаллий хомашёдан фойдаланилаётгани боис маҳсулотларимиз нархи хорижникидан анча арзон, сифати улардан қолишмайди. Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида биринчи марта иштирок этяпмиз. Мақсадимиз янги харидорлар топиб, ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш, маҳсулот турини кўпайтириш ва уларнинг экспортини йўлга қўйишдир.
IX Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида юртимиз саноат корхоналари, фирма ва компаниялари фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида кўплаб мамлакатлардан ишбилармонлар иштирок этмоқда.
– Ушбу саноат ярмаркасида ўз маҳсулот ва хизматларини тақдим этаётган концерн ва компаниялар, хусусий корхоналар фаолияти, мамлакатингизда тадбиркорликни янада ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар билан танишдик, – дейди Хитойнинг “Chung Kee Transport” компанияси вакили Шен Зе. – Ўзбекистонда хорижлик ишбилармонлар учун яратилган кенг шароит ва имтиёзлар ғоят аҳамиятлидир. Биз ҳам ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан транспорт ва логистика соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйишни келишиб олдик.
Тадбир доирасидаги тақдимот ва келишувлар мамлакатимиз саноат корхоналари ўртасидаги кооперация алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.