Конституциявий ҳуқуқлар дахлсизлигининг суд кафолатлари: тергов судьяси институти такомиллашмоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан жорий йилнинг 26 май куни Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси regulation.gov.uz порталига муҳокамага қўйилди.
Лойиҳа билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексига, “Прокуратура тўғрисида”, “Судлар тўғрисида”ги қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан қонунчиликка киритилиши назарда тутилган ўзгартиришлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида ҳамда 2026 йил 16 февралдаги фармони билан тасдиқланган “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида амалга оширишга оид давлат дастурида илгари сурилган. Давлат дастурининг 13-бандидаги давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш бўйича устувор ислоҳотларнинг асосий йўналишларида ўта оғир жиноятларга доир ишларни судда жамоатчилик вакилларидан иборат халқ вакиллари ҳайъати иштирокида кўриб чиқиш амалиётини жорий этиш ҳамда жиноят процессида мажбурлов чоралари қўлланиши устидан суд назоратини кучайтириб, тергов судьялари ваколатларини кенгайтириш белгиланган. Хусусан 2026 йил ноябрдан бошлаб биринчи босқичда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ўта оғир жиноятларни халқ вакиллари ҳайъати иштирокида кўриб чиқиш амалиёти йўлга қўйилади (тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар бундан мустасно).
Қонун лойиҳасида судлар томонидан жиноят ишларини кўришда адолатлилик ва холисликни кучайтириш ҳамда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятлар бўйича биринчи инстанция суди томонидан айбланувчининг илтимосномасига асосан бир нафар судья ва тўққиз нафар халқ вакиллари ҳайъатида кўрилиши белгиланган. Хусусан, ўта оғир тоифадаги жиноятлар тўғрисидаги ишларни 9 нафар фуқародан иборат “халқ вакиллари ҳайъати” иштирокида кўриш тартиби, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш назарда тутилмоқда.
“Халқ вакиллари ҳайъати” инглиз ҳуқуқ тизимига мансуб давлатларда самарали қўлланаётган jury (жюри) институти бўлиб, суд муҳокамасининг адолатли ва шаффоф ўтишига хизмат қилади. Бу институт Буюк Британия, АҚШ, Канада, Австралия, Янги Зеландияда кенг тарқалган. “Халқ вакиллари ҳайъати” нинг асосий вазифалари судланувчининг айбдор ёки айбсизлигини аниқлаш, тергов ва суд жараёнида тақдим этилган далилларни холисона баҳолаш, гувоҳлар кўрсатмаларини тинглаш ва таҳлил қилиш, мустақил фикр асосида хулоса чиқаришдан иборат бўлади.
Мазкур институтнинг Ўзбекистонда босқичма-босқич жорий этилиши суд жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ва суд қарорларига ишончни оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, лойиҳа билан жиноят ишини судга қадар юритиш босқичида прокурор, суриштирувчи ва терговчининг эҳтиёт чораларини ўзгартириш ёки бекор қилиш ваколатини чеклаб, ушбу ваколатни тергов судьяси томонидан амалга оширилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали шахснинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминланишида суд назорати кучайтирилмоқда.
Хусусан, жиноят ишини судга қадар юритиш босқичида қўлланилган қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси шахсни бундан кейин қамоқда сақлаш ёки унинг уй қамоғида бўлиши учун асослар мавжуд бўлмаганда суд томонидан прокурор, терговчи, суриштирувчи, шунингдек гумон қилинувчи, айбланувчи ва уларнинг қонуний вакили ёхуд адвокатнинг илтимосномасига асосан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин. Шунингдек, судга қадар босқичда қўлланилган муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат, шахсий кафиллик, жамоат бирлашмаси ёки жамоанинг кафиллиги, вояга етмаганларни кузатув остига олиш учун топшириш, ҳарбий хизматчининг хулқ-атвори устидан қўмондонлик кузатуви тарзидаги эҳтиёт чоралар уларни келгусида қўллаш учун асослар мавжуд бўлмаганда суд томонидан прокурор, терговчи, суриштирувчи, шунингдек гумон қилинувчи, айбланувчи ва уларнинг қонуний вакили ёхуд адвокатнинг илтимосномасига асосан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин.
Ишни судга қадар юритиш босқичида эҳтиёт чораларини бекор қилиш ваколатини тергов судьясига берилиши жиноят процессининг энг муҳим институционал ислоҳотларидан бири ҳисобланади. Ваҳоланки, тергов судьяси судга қадар иш юритиш босқичида шахснинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини чекловчи процессуал қарорлар устидан суд назоратини амалга оширади. Хусусан у айблов томони таркибига кирмайди ва ишни кейинчалик мазмунан кўриб чиқмайди. Шу жиҳатдан эҳтиёт чораларини қўллаш, узайтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги қарорларни қабул қилишда у процессуал жиҳатдан энг холис субъект ҳисобланади.
Хорижий давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, мазкур ваколатнинг тергов судья томонидан амалга оширилиши инсон ҳуқуқлари кафолатларини кучайтиради, тарафлар тенглигини таъминлайди ва одил судлов самарадорлигини оширади.
Хусусан Францияда Juge d’instruction (тергов судьяси) – процессуал мажбурлов чорасини танлаш, ўзгартириш ва бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилади, гумон қилинувчи ва айбланувчининг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши устидан суд назоратини амалга оширади. Тергов судьяси юқори инстанция суди таркибида фаолиятини расмий равишда мустақил олиб боради. Франция Жиноят-процессуал кодексининг 173-моддасига асосан судьянинг ҳаракатлари устидан апелляция суди ҳузуридаги тергов палатасига шикоят қилиш мумкин.
Германия Жиноят процессуал кодексининг 126-моддасига мувофиқ Ermittlungsrichter (тергов судьяси) давлат айблови судга киритилгунга қадар эҳтиёт чораларини қўллаш, ўзгартириш ва бекор қилиш ваколати тергов судьясига тегишлидир. Тергов судьяси прокуратура ва полициянинг айрим ҳаракатлари устидан суд назоратини амалга оширувчи судья сифатида фаолият юритади. Шунингдек, қамоққа олиш ордерини чиқаради, тинтув ўтказишга рухсат беради, телефон сўзлашувларини эшитиш ва бошқа эҳтиёт чораларига санкция беради, эҳтиёт чораларини етарли асосларга кўра ўзгартиради, бекор қилади. Процессуал мажбурлов чоралари устидан суд назоратини амалга оширади.
Буюк Британияда тергов судьяси дастлабки тергов якунлангач, жиноят ишини ўрганиб, далилларни текшириб, ишни Қироллик судига муҳокама этиш учун юборишга рухсат бериш ваколатига эга.
Эстония Жиноят-процессуал кодексининг 21-моддасига биноан тергов судьясининг ваколатлари процессуал мажбурлов чораларини қўллаш учун рухсат бериш, уларни узайтириш ёки бекор қилиш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини сезиларли даражада чеклайдиган тергов ҳаракатларини амалга оширмасликда, гувоҳ кўрсатувининг ишончлилигини аниқлаш ва унинг хавфсизлигини таъминлаш зарурлигини аниқлашда намоён бўлади.
Шу ўринда хорижий давлатларнинг жиноят процессуал қонунларида тергов судьяларига берилган ваколатларни таҳлил қилиб айтиш жоизки, аксарият давлатларда тергов судьялари жиноят ишини қўзғатишга рухсат бериш ҳамда процессуал мажбурлов чораларини қўллаш, муддатини узайтириш ва бекор қилиш ваколатини амалга ошириб, судгача иш юритиш босқичида шахснинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари бузилмаслигини назорат қилади.
Ўзбекистонда ҳам Хабеас корпус институтининг янада ривожлантирилиши доирасида тергов судьяларига процессуал эҳтиёт чораларини бекор қилиш ваколатининг берилиши жиноят процессида мажбурлов чоралари қўлланилиши устидан суд назоратини кучайтиришга хизмат қилади. Бу эса инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, шахсий дахлсизлик ҳамда айбсизлик презумпцияси принципига риоя этилишининг самарали суд кафолатларини таъминлаш имконини беради.
Д.Анварова,
Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман
судининг тергов судьяси