Конституция – келажагимиз кафолати
Андижон вилояти адлия бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан жойларда “Конституция – келажагимиз кафолати” шиори остида турли тарғибот тадбирлари, семинарлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Андижон шаҳридаги ҳарбий қисмда бўлиб ўтди. Ҳарбий хизматчилар иштирокида ўтказилган давра суҳбатида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонуни лойиҳаси мазмун-моҳияти ҳамда референдум ўтказиш тартиби ҳақида ҳуқуқшунослар томонидан маълумот ва тушунчалар берилди.
Давра суҳбатида қариндошларининг судланганлиги асоси билан шахснинг ҳуқуқлари чекланиши мумкин эмаслиги қонун лойиҳасида қатъий белгиланганлиги таъкидланди. Жумладан, унга кўра, ҳарбий соҳага ишга қирмоқчи бўлган киши яқинларининг йўл қўйган хатоси учун жавоб бермаслиги, конституцияда белгиланган нормага асосан, бундай ҳолат унинг ҳарбий хизматга киришига тўсқинлик қила олмаслиги тушунтирилди.
[gallery-11156]
Хонобод шаҳрида “Янгиланаётган конституция – юртимиз ва халқимизнинг фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос” мавзусида ўтказилган тарғибот тадбирида давлат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар иштирок этди. Шаҳар адлия бўлими мутахассислари томонидан иштирокчиларга халқимиз, кенг жамоатчиликнинг таклиф ва ташаббуслари асосида қомусимиздаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони эса 275 тадан 434 тага кўпайганлиги, конституция матни 65 фоизга янгиланганлиги ҳақида маълумотлар берилди.
Ана шу ўзгаришлар асосида янгиланган конституцияни қабул қилиш бўйича юртимизда жорий йилнинг 30 апрель куни умумхалқ референдуми ўтказилиши белгиланганлиги таъкидланиб, юрт тақдирига бефарқ бўлмаган, 18 ёшга етган, муомалага лаёқатли ҳар бир фуқаро ушбу тадбирда фаол қатнашиши, ўз муносабатини билдириши муҳимлиги юзасидан фикр алмашилди.
Бундан ташқари, иштирокчилар “Ўзбекистон Республикаси Референдуми тўғрисида” ги қонуннинг тегишли моддалари билан таништирилди. Референдум ўтказишнинг асосий принциплари, референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда ошкоралик, очиқлик масалалари ҳақида ҳам тушунчалар берилди.
Тадбирда янгиланаётган Конституция юртимиз тараққиёти, халқимизнинг фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиши алоҳида қайд этилди. Шунингдек, мутахассислар томонидан фуқароларнинг ҳуқуқий саволларига батафсил жавоб қайтарилди.
Ф. Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА