Конституция – келажагимиз кафолати
Юртимизда 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни сифатида кенг нишонланади. Ушбу сана муносабати билан барча ташкилот, корхона ва муассасаларда байрам тадбири ташкил этилиб, Бахтимиз қомуси мазмун-моҳияти алоҳида эътироф этилади.
Ана шундай маънавий-маърифий тадбирлардан бири Навоий шаҳридаги “Жанубий” МФЙда Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бошқаруви ва шаҳар бўлинмаси ташаббуси билан ташкил этилди.
Шаҳардаги маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган “Конституция – бахтимиз қомуси” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида Конституциямизнинг яратилиш тарихи, унинг демократик-ҳуқуқий давлат барпо этиш ва инсон манфаатларини таъминлашдаги аҳамияти, Бош қомусимизнинг халқчиллиги, халқаро ҳуқуқ нормаларига мослиги ҳақида атрофлича маълумот берилди.

– Бош қомусимиз инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамият ҳаётининг барча соҳаларини изчил либераллаштириш ва модернизация қилиш, таълим, фан, маданият ҳамда маънавият ривожида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда, – дейди Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими бошқаруви раиси Фахриддин Солиев. – Мазкур ҳужжатда мамлакатимизда истиқомат қилаётган миллати, тили, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланган бўлиб, ёшларнинг онги ва қалбида Конституциямизга ҳурмат, Ватан тақдирига дахлдорлик, масъулият ҳиссини янада кучайтириш, ёшларимизнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳар биримизнинг бурчимиз бўлмоғи лозим.

Тадбир сўнгида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий шаҳар бўлинмаси томонидан Навоий шаҳар “Кимёгар” “Мустақиллик” МФЙ ҳудудида истиқомат қилувчи 30 нафар кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олинди. Уларга байрам муносабати билан озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмалари топширилди.
Абдували Бўриев, ЎзА