Конимехда тиббий-ижтимоий реабилитация хизматлари йўлга қўйилди
Навоий вилоятининг Конимех туманида “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида давлат-хусусий шериклик асосида тиббий-ижтимоий реабилитация маркази ташкил этилди.
Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама эъзозлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 майдаги “Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида амалга оширилаётган “Фаол ҳаётга қадам” дастури ана шу эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришда муҳим қадам бўлмоқда. Дастур доирасида “Кексалар реестри”га киритилган фуқаролар учун тиббий-ижтимоий реабилитация хизматларини ташкил этиш орқали уларнинг ҳаёт сифати ва саломатлигини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Марказда парваришга муҳтож фуқароларга замонавий тиббий ва ижтимоий хизматлар тақдим этилади. Бу эса давлат томонидан кўрсатилаётган ижтимоий хизматларнинг қамровини кенгайтириш, уларнинг сифатини ошириш ва аҳолига янада яқинлаштириш йўлидаги муҳим амалий натижадир.
Марказнинг очилиш маросимида Конимех тумани ҳокими Руслан Рўзиев, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Ражабов, нуронийлар, тиббиёт ходимлари ҳамда “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази вакиллари иштирок этди.
– Марказда оилаларга ва эҳтиёжманд фуқароларга кенг турдаги реабилитация хизматлари кўрсатилади, – дейди туман “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази бошлиғи Рустам Шаназаров. – Жумладан, электрофорез, ультратовуш терапияси (УЗТ), даволовчи массаж, енгил жисмоний машғулотлар, ҳижома ҳамда бошқа ўн беш турдаги тиббий-реабилитация хизматлари йўлга қўйилди. Кам таъминланган оилалар мазкур хизматлардан ваучер асосида бепул, ногиронлиги бўлган шахслар эса имтиёзли шартларда фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Энг муҳими, бу каби хизматлар аввал фақат вилоят марказида мавжуд бўлган бўлса, бугун уларнинг Конимех туманида ҳам ташкил этилгани ислоҳотларнинг амалдаги натижасидир. Бу эса чекка ҳудудларда яшовчи фуқароларнинг вақт ва маблағини тежаш, сифатли хизматларни ўз яшаш жойида олиш имкониятини кенгайтирмоқда.

Албатта, ижтимоий ҳимоя тизимида амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлар инсон қадрини юксалтириш, ҳар бир фуқарога манзилли ва сифатли хизматларни етказишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири