Конигил туризм қишлоғи кенгайди
2020 йилда Самарқанд тумани Конигил маҳалласидаги Сиёб ариғи атрофи обод қилиниб, бу ерда юртимиздаги илк туризм қишлоғи ташкил этилган эди.
Конигил – қадимий услубда Самарқанд қоғози ишлаб чиқариш, кулолчилик, дурадгорлик ва бошқа ҳунармандлик анъаналари бугунги кунга қадар сақланиб қолган ҳудуд. Қишлоқ номининг ўзи бу маскан кулолларнинг асосий хомашёси бўлган гилнинг кони экани билан ажралиб туради. Ҳудуддан ўтган Сиёб ариғи эса кулоллар ва бошқа ҳунармандлар, тегирмончилар учун бу ерда касб-ҳунар билан шуғулланиш, даромад топишнинг асосий манбаи бўлган.
Маҳаллий ҳунарманд тадбиркор Зариф Мухторов томонидан ариқ бўйида эски тегирмон тикланиб, қадимий Самарқанд қоғозини ишлаб чиқариш йўлга қўйилгач, бу ердан сайёҳлар қадами узилмай қолди. Шундан сўнг Сиёб ариғи атрофи обод қилиниб, маҳаллада яна бошқа ҳунармандчилик устахоналари, гуруч, мой тегирмонлари ташкил ташкил этилди, оилавий меҳмон уйлари очилди ва шу тарзда Конигилга юртимиздаги биринчи туризм қишлоғи мақоми берилди.
[gallery-19809]
Ўшанда мазкур лойиҳанинг иккинчи босқичи ҳам амалга оширилиши ва Сиёб ариғи атрофи М-39 автомобил йўлигача обод қилиниб, туристик объектлар бунёд этилиши белгиланганди.
Бугун бу ишлар якунланиб, туризм қишлоғи кенгайди ва Конгилда яна бир туристик маскан очилди.
– Лойиҳанинг иккинчи босқичида 22 гектар майдон қамраб олинди, – дейди Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов. – Сиёб ариғи тозаланиб, атрофи ободонлаштирилди. Ариқ ёқалаб йўл очилди, 2,5 километр масофада велойўлак ва 3,5 километр пиёдалар йўлаги ташкил этилди. Ҳудудда маҳалла аҳолиси ва тадбиркорлар томонидан 51 та объект, яъни меҳмон уйлари, савдо расталари, ҳунармандчилик устахоналари, миллий услубдаги умумий овқатланиш шохобчалари, дам олиш масканлари бунёд этилди. Эндиликда Самарқанд халқаро туризм маркази рўпарасидан, М-39 йўлидан ушбу сайёҳлик масканига кириб, Конигил маҳалласи марказигача пиёда ёки велосипед ва электромобилларда сайр қилиш имконияти мавжуд. Сайёҳлар бу ердаги ҳунармандлик устахоналари фаолияти билан танишиши, ариқ бўйида дам олиш, меҳмон уйларида қолиши мумкин.
Лойиҳани амалга ошириш жараёнида Конигил маҳалласи инфратузилмаси яхшиланиб, маданий-кўнгилочар дастурлар ташкил этиш учун ҳам шароит яратилди. Ҳудуддаги аҳоли турар жойлари ва бошқа биноларнинг тарихий кўриниши тикланади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари