Конгода Эболага чалинганлар 1000 нафардан ошди
Конго Демократик Республикасида Эбола вируси юқиши ҳолати кескин кўпайди.
Маълум қилинишича, касалликка чалинганлар сони 1048 нафарга етган.
Мамлакат соғлиқни сақлаш идораси билдиришича, вирус юқтирган беморларнинг 267 нафари вафот этган. Бу умумий ҳолатнинг қарийб чорак қисмига тенг.
Касалланиш ва ўлим ҳолати асосан Итури музофотида қайд этилган. Қуролли тўқнашув давом этаётган мазкур ҳудудда эпидемияга қарши чора кўриш анча мураккаблашган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда қатор ёндош нодавлат тузилмалар кўмагида даволаш марказларидаги юкламани қисман камайтиришга эришилган. Шунга қарамай, мутахассислар инфекция занжирини узиш, бемор билан мулоқотга киришганларни аниқлаш ва ихоталаш жараёни ҳамон қийин кечаётганини таъкидламоқда.
Қайд этиш жоиз, Эбола вируси 1976 йил аниқланган, Конгода кузатилган ҳолат 17-эпидемия ҳисобланади.
Д.Ҳакимов, ЎзА