Кўнгилларда шукроналик, тилда дуолар
Айни кунларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Умра сафарига юборилган кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар, ижтимоий дафтарларда рўйхатда турувчи хонадон вакиллари ҳамда фахрийлар зиёратни адо этиб, дастлабки гуруҳлар юртимизга қайтиб келмоқда.
Фарғона вилоятидан ҳам танлаб олинган юз нафарга яқин ана шундай эҳтиёжманд фуқаролар Умра зиёратидан қайтиб келишди. Улар орасида риштонлик Бураҳима Ғайбуллаева ҳам бор.

– Дастлаб ҳажга боришимни айтишганда, рости, ишонмагандим. Тўғри, оз-моз жамғарган маблағим бор эди-ю, лекин муборак сафар учун етмаслигидан гоҳида юрагим эзиларди, – дейди Риштон тумани “Минор” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Бураҳима момо. – Ҳажга бориб келганларни кўрсам, эшитсам, бизгаям шундай кун насиб қилармикан, дея умидвор бўлардим. Қалбимнинг бир четида орзу-ният чўғ бўлиб турарди. “Яхши ният – ярим давлат” деб бежиз айтилмаган экан.
Саксон ёшли момонинг уч фарзанди бор: икки қиз, бир ўғил. 49 яшар ўғли туғма ногирон. Гарчи исми Улуғбек бўлса-да, негадир оиладагилар Умиджон деб ўрганишган. Соғайиб кетишига, тенгқурлари каби ўйнаб-кулишига умид билдириб иккинчи номни беришгандир балки...
Туман марказидаги болалар боғчасида 36 йил энага бўлиб ишлаган Бураҳима ая ҳеч қачон ҳаётидан нолимади. 2011 йили суянчи – турмуш ўртоғи вафот этганда бир қалқиди-ю, ўзини йўқотмади. “Умиджоним учун яшашим керак, енгилмаслигим шарт” деди ўзига-ўзи. Ана шу ғайрат, шижоат ҳануз тарк этмаган момони.

– Президентимизга минг ташаккур. Биз каби ўксик кўнгилларга нур олиб кирди. Ёнимиздан бир сўм ҳам сарфламай, умра амалларини тўлиқ бажариб қайтдик. Ҳукуматимизни, ҳокимларимизни дуо қилдик муқаддас жойларда туриб. Юртимизда абадий тинчлик-хотиржамлик бўлишини, халқимизни меҳр-оқибат, қут-барака тарк этмаслигини сўраб илтижолар қилдик.
– Худди тушдек кечди зиёрат кунларимиз, – дея таассуротларини ўртоқлашади ҳожи момо. Хайрлашиш учун дуога қўл очилган пайт, гарчи гапиролмаса-да, ёнимизга муштипар онанинг дилбанди – Улуғбек ҳам келиб туриб олди, қўлларини қовуштирди...
Юракларимиз титраб, кўзларимиз порлади. Инсон қадри улуғланувчи, инсонпарвар ташаббуслар қанот ёйган диёрда яшаётганимиздан, шу мамлакатга дахлдорликдан бахтиёрлик, фахру ифтихор туйғулари жўш урди.
М.Сулаймонов, ЎзА