Кўнгиллар яқин, мақсадлар муштарак
Қўқон шаҳрида илк бор ўтказилаётган “Туркий тилли ёшлар” халқаро фестивали yнутилмас лаҳзаларга бой бўлмоқда. Фестивал доирасида спорт мусобақалари, маданий-кўнгилочар тадбирлар, таниқли театр ва кино ижодкорларнинг ижодий мулоқотлари, мамлакатимиздаги элчихоналар консуллари билан учрашувлар ташкил этилмоқда.
– Очиқ мулоқот руҳида ўтказилаётган тадбирларимиз давомида ёшларимиз қардош мамлакатлардан келган тенгдошлари билан ҳамкорликда кейинги фаолияти учун муҳим бўлган ғоялар ва лойиҳалар устида фикр алмашди. Биз юзма-юз учрашувлар ташкил этиб, тадбиркорлик субъектларини таклиф этган ҳолда бунинг учун имконият яратиб бермоқдамиз, – дейди Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Хуршид Аҳмедов.

Туркий тилли ёшларнинг “Дўстлик” кечаси, Қўқон шаҳридаги диққатга сазовор жойларга саёҳат, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси, Риштондаги халқаро кулолчилик маркази ҳамда Учкўприк туманидаги “Меҳригиё” кичик корхонасининг лаванда боғларига ташриф ҳам иштирокчи ёшларга ўзига хос кайфият улашди.

– Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурларим янада бойиганидан мамнунман. Айниқса, Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Қўқон тарихи бўйича қизиқарли маълумотларга эга бўлдим. Бу ерда ҳозиргача сақланиб қолган меъморий обидалар эътиборга молик, – дейди қирғизистонлик Алмира Рустамова. – Кўплаб дўстлар орттирдим, улар билан доимий алоқада бўлиб турамиз. Бу каби тадбирлар бардавом бўлишини истардим.
Фестиваль қатнашчилари орасида бизнес вакиллари талайгина. Ёш тадбиркорларнинг ўзаро фикр алмашиши, тажрибаларини ўрганиши келажакда юксак натижаларни бериши шубҳасиз.

– Мамлакатингизда ёшлар учун қулай шарт-шароит яратиб берилганини кўриб, ҳавасимиз келди. Суҳбатлар чоғида ёш тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчилар учун имтиёзли кредитлар ажратилаётгани, стартап лойиҳалар доимий қўллаб-қувватланиши, ёш истеъдодлар диққат-эътиборда эканини фахр билан айтиб беришди, – дейди Озарбайжондан келган Нармин Сабраилзода. – Қатор соҳаларда “уста-шогирд” анъаналари ҳам яхши йўлга қўйилган экан. Миллий ҳунармандчилик анъаналарини давом эттираётган, ўзи ҳам уста даражасига етишган тенгдошларимиз яратган буюмлар киши ҳайратини оширади.

Таъкидлаш керакки, Фарғона вилоятининг диққатга сазовор жойларига сайр-саёҳатлар, спорт мусобақалари давомида ёшларга хос шижоат ва жўшқинлик, кўтаринки кайфият ҳукмронлик қилди. Турли тилларда жўр бўлиб айтилган шеър-қўшиқлар, ижро этилган рақслар, самимий суҳбатлар ёшларни қалбан яқинлаштирди, уларни эзгу мақсадлар сари руҳлантирди.

– Биласизми, бизга таржимон ҳам керак бўлмаяпти, бир-биримизни жуда яхши тушуняпмиз. Аслида ҳам тилимиз, динимиз бир, мақсадларимиз муштарак. Халқлар ўртасидаги дўстлик эса тинчликка, тараққиётга хизмат қилади, – дейди туркиялик меҳмон Бедирхан Демир. – Фестивалда қатнашаётган тенгдошларимиз турли соҳа вакиллари экан. Кимдир ҳунармандчилик, яна кимдир санъат ёки бизнес, кимдир илм соҳаси бўйича маълум натижага эришган. Фарғоналик дўстларимиздан кўп нарса ўргандик, билганларимизни баҳам кўрдик, янги ғоялар пайдо бўлди. Ўзбек ёшларидаги самимият, одоб, меҳнатсеварлик хислатлари жуда ёқди.
М.Сулаймонов,
ЎзА