«Кўнгил елкани» китоби тақдимоти ўтказилди
Пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида шоир Суҳроб Зиёнинг «Кўнгил елкани» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, адабиётшунос олимлар ва шеърият ихлосмандлари иштирок этган тадбирда янги китоб ҳақида илиқ фикрлар билдирилди. Шеърият, сўзни ҳис қилиш масъулияти ҳақида сўз борди.
- Шоирдан кўп нарса талаб қилиш нотўғри, - дейди адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдош. - У борича, рост, кўнгли нимани буюрса ёзсин. Бугун дунёни шеърият қутқармайди. Шеърият билан тўнтариш қиладиган, бутун дунёни ўзгартириб юборадиган замонлар ўтди. Бугун бутун инсоният маиший муаммоларга ўралашиб қолган, ўзининг бир ҳовуч дардига ўралиб ётибди. Шоир шеърлари орқали инсониятни ана шу кичик дардларидан чалғитиш керак. Бу унсурни Суҳроб шеъриятида кузатдим. У ўзининг топилмалари билан ўқирмонни ўзига жалб қилади. Ҳозир ҳамма нарсани айтиш мумкин. Ҳар балони ёзиб сўзни увол қилаётганлар етади, шоирлар қалбни поклайдиган нарсаларни ёзиши керак.
- Айни кунда Афғонистонда нотинчлик, - дейди Суҳроб Зиё. - Қўлимиз дуода, уларга тинчлик тилаймиз. Бу кайфиятда тақдимот ҳам кўнгилга сиғмайди. Адабиёт ўз олдига бир давлатни юксалтиришни, бошқа бир давлатни тинчлантиришни қўймайди. Аммо у доим қалб ҳаловати учун курашади. Бир шоир бўлиб инсонлар қалбига ҳаловат улашиш, уларга маънавий руҳ бахш этиш менга куч бахш этади. Ушбу иккинчи китобимга шу мазмундаги шеърларим киритилган.
«Кўнгил елкани» шоир Мирзо Кенжабек ва Мансур Жумаев муҳаррирлигида «Зилол булоқ» нашриёти томонидан минг нусхада чоп этилган.
Д. Маматова, ЎзА