“Кўнгил экологияси” - экологик масъулият тарғиботи
Ўзбекистон Экологик партияси ҳамда Тошкент давлат техника университети ҳамкорлигида “Кўнгил экологияси” расмлар танлови ўтказилди.
Тадбир давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 15 майдаги “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда ёшларда экологик маданиятни ошириш, табиатга бўлган масъулият ҳиссини кучайтириш мақсадида ташкил этилди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Ойбек Раҳимов ва бошқалар мазкур танлов ёш авлод онгида табиатни муҳофаза қилиш, уни асраб-авайлаш ва экологик масъулият ҳиссини кучайтириш, шунингдек, ижодий тафаккур ҳамда эстетик дидни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.
Танловда Тошкент шаҳридаги 40 дан зиёд олий таълим муассасасидан жами 150 дан ортиқ талаба-ёшлар иштирок этди.
Улар томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳа жараёнларини акс эттирган расмлар, “Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва чўлланишга қарши курашиш”, “Атроф-муҳитнинг ифлосланиши ва ҳудудларни чиқиндилардан тозалаш ҳаракатлари”, “Қайта ишлаш ва чиқиндиларни саралаш” мавзуларидаги ижодий ишлар тақдим этилди.

Ёш ижодкорлар ўз асарларида табиат гўзаллиги, инсон ва атроф-муҳит ўртасидаги уйғунлик, она табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ғояларини акс эттирди.
Ижодий ишларда ёшларнинг экотафаккури, табиатни англаш ва асраш борасидаги фуқаролик масъулияти ҳамда ижодий салоҳияти намоён бўлди.

Тақдим этилган асарлар ҳакамлар ҳайъати томонидан холисона баҳоланиб, ҳар бир йўналиш бўйича 1-, 2- ва 3-ўрин ғолиблари аниқланди, улар Ўзбекистон Экологик партияси томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

“Кўнгил экологияси” расмлар танлови ёшларнинг экологик тафаккурини ривожлантириш, ижод орқали атроф-муҳитни асраш ғояларини кенг тарғиб этиш ва жамиятда экологик масъулиятни оширишга хизмат қилади.
М. Комилова, ЎзА