Конференция: суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш борасида туб ўзгаришлар ва янгиланишлар кузатилмоқда.
Мазкур ислоҳотлардаги хорижий тажрибани ўрганиш, бошқа давлатларда мазкур йўналишда қўлга киритилган ютуқлар билан бўлишиш мақсадида «Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар: МДҲ ва Япония тажрибаси» номли халқаро конференция ташкил этилди.
Конференция Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази ва Япония Адлия вазирлиги ҳузуридаги илмий-тадқиқот ва таълим институти ўртасида 2021-2022 йилларда ҳамкорликни ривожлантиришга мўлжалланган Ҳамкорлик дастури асосида ташкил этилди.

Унда Адлия вазирлиги, Судьялар олий мактаби, Бош прокуратура Академияси, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Тошкент давлат юридик университети, Адвокатлар палатаси, Нотариал палата, Мадад ННТ, миллий ва хорижий экспертлар иштирок этди.
Мақсад, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, халқаро тажриба ва амалиётни ўрганиш, суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантиришдаги истиқболларни белгилаш ва юртимизда ҳуқуқий давлат асосларини янада такомиллаштириш, аҳолининг ҳуқуқий онги, маданиятини юксалтиришдан иборатдир.

Конференцияда Япония, АҚШ, Беларус, Қозоғистон, Тожикистон, Кирғизистон давлатларидан соҳа мутахассислари иштирок этди ҳамда ўз давлатларининг адлия ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлари юзасидан маърузалар қилди.
Маълумот учун, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш икки босқичда амалга оширилди. Биринчи босқич 1991-2000 йилларни қамраб олса, иккинчи босқич 2001-2010 йилларни ўз ичига олди. Шу даврларда суд ҳокимияти босқичма-босқич мустаҳкамланиб борди, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қиладиган мустақил давлат институтига айлантириш борасида тегишли қонунлар ва меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниши билан бир қаторда самарали натижаларга эришилди.
Конференция тарафлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқаро стандартларга асосланган ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга хизмат қилиши қайд этилди.
Б.Мелиқулова, ЎзА