КОМПОЗИТОР ЯРАТГАН ИЖОД БОҒИ БУГУН ЎЗГАЧА ЧИРОЙ ОЧМОҚДА
ХХ-ХХI аср ўзбек ва қорақалпоқ мусиқа маданияти ва санъати, композиторлик ижодиёти ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган жамоат арбоби, Қорақалпоғистон Республикаси мадҳиясининг муаллифи, композитор Нажимаддин Муҳаммеддинов исмини эшитмаган юртдошимиз бўлмаса керак.Композитор Нажимаддин Муҳаммеддинов 1937 йил 26 августда Тахтакўпир тумани Қораўзак шаҳарчасида таваллуд топган. 1956-1964 йилларда Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртида, 1964-1971 йилларда Алмати давлат консерваториясининг композиторлик факультетида профессор Е.Рахмадиев синфида композициядан сабоқ олади.
1971-1977 йилларда у Бердақ номидаги филармониянинг бадиий раҳбари, 1977-1988 йилларда Қорақалпоғистон бастакорлар уюшмаси ҳайъат раиси, 1988-1999 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Маданият ишлари вазири лавозимида, 1999-2009 йилларда Нукус санъат билим юрти директори, 2009 йилдан Қорақалпоғистон бастакорлар уюшмаси раиси, 2017 йилдан Қорақалпоғистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси вазифасида фаолият олиб бормоқда.
Н.Муҳаммеддинов ижодий фаолиятининг доираси кенг ва кўп қирралилиги билан ажралиб туради. Мусиқа санъатига 1956 йили кириб келгач, қарийб 65 йиллик ижодий йўли давомида кичик ва йирик мусиқий жанрларда яратилган асарлари билан замонавий профессионал қорақалпоқ мусиқа санъати ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Серқирра ижодкорнинг асарлари она юртига бўлган меҳр-муҳаббат, халқ турмуши, тарихи, мусиқа меросини турли шакл ва жанрлар орқали ифодаланиши билан аҳамиятлидир.
Ҳозирги кунда мураккаб мусиқали жанрларга мурожаат қиладиган композиторларни учратиш қийин. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Нажимаддин Муҳаммеддинов энг йирик ва мураккаб опера ва балет жанрларида ижодий фаолият олиб бораётган саноқли композиторларимиз қаторидан жой олган.
Н.Муҳаммеддинов Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони, драматург И.Юсупов либреттоси асосида 1987 йилда биринчи қорақалпоқ «Ажинияз» операсини ёзади. Мазкур опера премьераси чинакам катта маданий воқеалардан бири бўлди. Композитор «Ажинияз» асаридан сўнг 1997 йили «Қирқ қиз» операси ва «Айжамал» балети, 1998 йилда «Бахытлы болың балалар» мусиқали драмаси ва «Тоғыз тоңқылдақ ҳәм бир шиңкилдек» мусиқали комедиясини яратади. Композитор басталаган илк «Ажинияз» операси ва «Айжамал» балети жаҳон мумтоз мусиқаси ва қорақалпоқ миллий мусиқаси ҳамоҳанглигида яратилган беназир санъат асари сифатида Бердақ номидаги мусиқали театр саҳнасида муносиб ўрин эгаллаб келмоқда. Н.Муҳаммеддинов биринчи қорақалпоқ операси ва балетини яратган композитор сифатида ХХ аср тарихи саҳифаларидан жой олишга сазовор бўлди.
«Айжамал» биринчи миллий қорақалпоқ балети ҳисобланиб, композитор балет орқали ёш қалб эгалари, икки ошиқ муҳаббатини хореографик типда саҳнага олиб чиққан. Ушбу балет балетмейстер Турдибай Хужасов билан биргаликда ишланган бўлиб, унинг асосий мусиқий композициясини халқ қўшиқлари ва миллий рақслари ташкил этади. Ундаги воқеа ва ҳодисалар орқали қорақалпоқ халқининг миллий рақслари, урф-одатлари тасвирланади.
Бу асар илк маротаба 1997 йили саҳналаштирилган бўлса, қарийб 21 йилдан сўнг театр жамоаси ушбу балетни қайта саҳналаштирди.
Н.Муҳаммеддинов ҳозирда ҳам серқирра ижодкор сифатида меҳнат қилмоқда. Жумладан, у яратган «Гулайим» операсини эътироф этишимиз зарур. Мазкур асарда композитор томонидан қўбиз ва дутор асбоби ҳамда бахши ва жировларни опера жанрига олиб кириши натижасида эпо-операнинг юзага чиқишига замин яратилди. Опера Бердақ номидаги давлат академик мусиқали театри саҳнасида 2019 йили саҳналаштирилди ва мусиқашунос олимлар, композиторлар, санъат арбоблари томонидан илк миллий эпо-опера сифатида эътироф этилди.
Ўзига хос йўналишдаги ушбу опера маданият арбоблари томонидан катта эътирофга сазовор бўлди. Жумладан, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев асарга қуйидагича таъриф берди: «Ушбу опера Қорақалпоқ саҳнасига катта туҳфа бўлди, бу операнинг яратилиши бу миллатнинг бахти...»
Жорий йилда мазкур операнинг китоб варианти «Қорақалпоғистон» нашриёти томонидан босиб чиқарилиши режалаштирилган. Шунингдек, «Билим» нашриёти томонидан «Ажинияз» операсининг клавир варианти, «Айжамал» балетининг клавири ўзбек, қорақалпоқ, рус ва инглиз тилларида китоб ҳолида нашр этилган. Унинг инглиз тилидаги варианти мусиқий асарнинг дунё бўйлаб кенг тарқалиши ва ижро этилишига имкон яратади.
Давлатимиз томонидан Нажимаддин Муҳаммеддинов ижоди юксак қадрланиб, 2000 йили «Меҳнат шуҳрати» ордени, 2007 йили «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган. 2013 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ташкил этилган танловда «Йилнинг энг яхши бастакори» номинацияси ғолиби, 2015 йилда Қорақалпоғистон Республикасида санъат, маданият ва маънавиятни ривожлантиришдаги хизматлари учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ташкил этилган «Ардақлаў – 2015» мукофоти совриндори бўлган.
Н.Муҳаммеддинов эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган таниқли композитордир. У яратган асарларда асосан миллий урф-одат, Ватанга садоқат, мустақилликнинг қадр-қиммати каби ғоялар мужассамлашган.
Не бахтки, композитор яратган ижод боғи бугун ўзгача чирой билан намоён бўлмоқда.
Шахида БEРДИХАНОВА,
Санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори,
Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси аъзоси. ЎзА