Коммунал соҳа: аҳоли муаммолари ҳал этилмоқда
Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида «Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш жараёнларида очиқлик ва шаффофликни янада кучайтириш» мавзусидаги матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш, ободонлаштириш ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Барҳаёт Мелиевнинг соҳада амалга оширилаётган ишлар бўйича ахбороти тингланди.
Қайд этилганидек, ҳозир туман-шаҳарлардаги кўп қаватли уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш ва беталофат ўтказиш, биноларнинг ташқи кўринишини яхшилаш бўйича жами 214,3 миллиард сўм маблағлар ажратилган. Бунинг натижасида 794 та кўп қаватли уй-жой таъмирланиб, ўтган йилга нисбатан 500 тага ёки 3,3 баробарга ортиқроқ таъмирлаш ишлари бажарилган. Уйлар оралиғига республика бюджетининг 1,6 миллиард сўм маблағлари ҳисобига 32 та замонавий болалар майдончаси қурилган.

Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида жами 222 миллиард сўмлик 1 минг 118 километр ичимлик сув тармоқлари тортилган бўлиб, бу орқали бажарилган иш ҳажмлари ўтган йилга нисбатан 20 баробар кўпдир. Йил якунигача яна 130 миллиард сўм эвазига жойларда 300 километр ичимлик ва оқова сув тармоқлари тортилиши режалаштирилган. Амалга оширилган ишлар туфайли 46 минг нафар аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланган бўлса, 222 минг нафар аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланишига эришилган.
Куз-қиш мавсумида аҳолига сифатли иссиқлик энергияси етказиб бериш мақсадида 9 ойда 75,2 километр иситиш тизимлари янгисига алмаштириш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Йил якунига қадар яна 172,2 миллиард сўм маблағлар ҳисобига 43 километр иссиқлик тармоқлари тортилади.
Тадбирда вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси, «Тошкент ҳудудий электр тармоқлари», «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамиятлари, «Ҳудудгаз Тошкент» ГТФ, «Тошкент сув таъминоти» МЧЖ ва бошқа тармоқ ташкилотлари мутахассисларининг кўп квартирали уйлар, ижтимоий соҳа объектларида иссиқлик, ичимлик сув, электр энергияси, табиий газ таъминоти бўйича амалга оширилаётган ишлар, келгусидаги режалар хусусида маълумот берди.
Хусусан, шу йилнинг 9 ойида 91,5 миллиард сўм маблағлар ҳисобига 953 километр паст кучланишли электр тармоқлари тортилиб, реконструкция ва модернизация қилинган. Йил якунига қадар яна 26,7 миллиард сўм маблағлар ҳисобига 278 километр тармоқларда шу каби саъй-ҳаракатлар қилинади.

Шунингдек, йил бошидан буён 220 дона трансформатор пунктлари ўрнатилган. 723 минг 437 нафар истеъмолчи хонадонига замонавий электр ҳисоблагичлар (АСКУЭ) ўрнатилди.
Таъкидланганидек, аҳолининг турмуш тарзини енгиллаштириш, табиий газ таъминоти билан таъминлаш ишлари борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган 9 ой давомида 19,6 миллиард сўм маблағлар ҳисобига 42 километр узунликда газ қувурлари тортилган. Амалга оширилган ишлар натижасида 45 минг нафар аҳоли, 15 дан ортиқ саноат корхоналари табиий газ билан таъминланган бўлса, 53 минг нафар аҳолининг табиий газ таъминоти яхшиланишига эришилган. Айни пайтда режа бўйича истеъмолчига замонавий газ ҳисоблагичлардан 447 минг 132 таси ўрнатилиб, мазкур ишлар ҳали давом этмоқда.
Вилоятнинг олис ва чекка ҳудудларида яшовчи аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, табиий газ таъминоти етиб бормаган ҳудудларга суюлтирилган газ, кўмир маҳсулотларини етказиб бериш ишлари ҳам амалга оширилди. Бу йилги куз-қиш мавсумида 3,9 минг тонна суюлтирилган газ ҳамда 72 минг тонна кўмир ёқилғи энергия маҳсулотини етказиб берилиши кўзда тутилган. Йил бошидан ҳозиргача 5 минг 637 тонна суюлтирилган газ етказиб берилган бўлиб, шундан, 2021-2022 йил куз-қиш мавсуми давомида 452 тонна етказиб берилди. Шунингдек, ижтимоий соҳа объектларига 12 минг тонна ва аҳоли хонадонларига 28 минг тонна кўмир маҳсулоти етказиб берилган.
Матбуот анжуманида журналистлар томонидан Чирчиқ, Нурафшон, Янгийўл, Олмалиқ шаҳарлари, Бўка, Зангиота, Пискент каби туманлардаги мавжуд муаммолар, амалга оширилаётган ишлар ҳақида берилган саволларга атрофлича жавоб берилди.
А.Мусаев, ЎзА