Комил инсон ғояси ва Алишер Навоий ижодида маънавий ислоҳотчилик
Бугунги кунда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида инсон қадри, унинг маънавий камолоти ва баркамол авлодни тарбиялаш масаласи устувор йўналишлардан бирига айланди. Айниқса, таълим ва тарбия тизимида ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида етук, иродали, ижтимоий фаол шахслар этиб вояга етказиш долзарб вазифа ҳисобланади.
Шу маънода, Шарқ мутафаккирларининг инсон камолоти ҳақидаги бой маънавий меросини замонавий нуқтаи назардан ўрганиш ва уни ёш авлод онгига сингдириш муҳим илмий-амалий аҳамият касб этади. Зеро, жамият тараққиёти бевосита инсоннинг маънавий дунёси, унинг ахлоқий қиёфаси ва ижтимоий масъулиятига боғлиқ.
Ўзбек адабиётшунослиги ва навоийшунослигининг забардаст олими, филология фанлари доктори, профессор Муслиҳиддин Муҳиддиновнинг “Комил инсон – адабиёт идеали” номли фундаментал тадқиқоти айнан шундай эзгу мақсадларга хизмат қилиши билан алоҳида ажралиб туради.
Шарқ адабиётида “комил инсон” ғояси азалдан марказий ўрин эгаллаб келган. Хусусан, хамсанавислик анъанаси доирасида яратилган асарлар инсоннинг ички камолоти, ахлоқий покланиши ва жамиятдаги ўрни масалаларини кенг қамраб олади. Бу анъана доирасида яратилган достонлар, айниқса, биринчи достонлар – “Махзан ул-асрор”, “Матлаъ ул-анвор”, “Туҳфат ул-аҳрор” ва “Ҳайрат ул-аброр” инсоннинг яратилиши, унинг илоҳий моҳияти ва комилликка эришиш йўлларини бадиий-фалсафий жиҳатдан ёритиб беради.

Мазкур асарларда инсон борлиқнинг гултожи сифатида талқин этилади. Комиллик эса нафақат илм ва маърифат, балки нафсни жиловлаш, адолатга содиқлик ва жамият олдидаги масъулиятни ҳис этиш билан белгиланади. Барча хамсанавислар учун умумий бўлган жиҳат шундаки, улар адабиётни жамиятни ислоҳ этувчи куч сифатида кўрадилар. Дидактик руҳ, насиҳат ва ахлоқий тарғибот ушбу асарларнинг асосий мазмунини ташкил этади.
Шу билан бирга, хамсанавислик анъанаси доирасида комил инсон концепцияси тараққий этиб боради. Дастлабки босқичда у кўпроқ фалсафий ва назарий характерга эга бўлса, кейинги даврларда тобора ҳаётийлашиб, ижтимоий мазмун билан бойиб боради.
Илк хамсанависнинг асарларида комиллик ғояси кўпроқ умумлашган ва илоҳий ҳикматлар асосида талқин қилинади. Инсон камолоти кўпинча юқори табақа вакилларига қаратилган ўгитлар орқали ифодаланади. Кейинги босқичларда эса бу ғоя кенгайиб, жамиятнинг турли қатламлари ҳаёти билан боғланади, оддий инсонларнинг муаммолари, ижтимоий адолатсизлик ва ҳаётий зиддиятлар тасвирига эътибор кучаяди.
Муслиҳиддин Муҳиддинов эса комил инсонни фақат узлатга чекинган зоҳид эмас, балки халқ дарди билан яшайдиган, адолатни қадрлайдиган ва нафсини жиловлай олган шахс сифатида талқин қилади.
Тасаввуфий тафаккур таъсирида комиллик масаласи инсоннинг ички олами, қалб поклиги ва руҳий етуклик билан янада чуқурроқ боғланади. Инсоннинг ўз нафсини енгиши, руҳий покланиши ва илоҳий ҳақиқатга интилиши комилликнинг асосий мезонига айланади.
Хамсанавислик анъанасининг энг юксак босқичи эса Алишер Навоий ижодида намоён бўлади. Унинг “Ҳайрат ул-аброр” достони комил инсон ғоясини янги, сифат жиҳатидан юқори даражага кўтарган асар сифатида ажралиб туради.
Навоий ижодининг энг муҳим хусусияти – комиллик ғоясининг ҳаётийлик касб этишидир. У комил инсонни фақат тасаввуфий идеал ёки назарий тушунча сифатида эмас, балки жамиятда фаолият юритувчи, эл-юрт дарди билан яшайдиган шахс сифатида талқин этади. Алишер Навоий назарида комиллик, бу – таркидунёчилик эмас, балки халқ хизматида бўлиш, адолатни қарор топтириш ва ижтимоий иллатларга қарши курашишдир.
Навоий асарларида ижтимоий танқид кучли ифодаланган. У ёмонликни умумий тарзда қоралаб қолмайди, балки аниқ образлар орқали унинг моҳиятини очиб беради. Зулм, жаҳолат, очкўзлик, мансабпарастлик каби иллатлар кескин ва таъсирчан тасвирланади. Бу эса ўқувчида нафақат англаш, балки уларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиради.
Шоирнинг яна бир муҳим янгилиги – адолат ғоясини кескин ва қатъий тарзда илгари суришидир.
Унинг талқинида адолат жамият барқарорлигининг асоси бўлиб, ҳар бир инсон – у шоҳ бўладими ёки оддий фуқаро – ўз вазифасини ҳалол ва масъулият билан бажариши шарт. Зулм эса жамиятни емирувчи энг катта иллат сифатида баҳоланади.
Навоий комил инсон образини халқ ҳаёти билан чамбарчас боғлайди. У идеал инсонни оддий одамлар орасидан излайди, уларнинг дарди, орзу-интилишлари ва муаммоларини бадиий ифодалайди. Шу тариқа, комиллик ғояси абстракт тушунчадан реал ҳаётий мезонга айланади.
Бундан ташқари, Навоий ушбу ғояларни туркий тил имкониятлари орқали юксак бадиий даражада ифодалаб, уларни кенг халқ оммасига етказади. Бу эса нафақат адабий тил тараққиёти, балки маънавий ғояларнинг оммалашувига ҳам хизмат қилади.
“Ҳайрат ул-аброр” номининг ўзи ҳам чуқур маъно касб этади. Унда ҳайрат – билишнинг, англашнинг энг юқори босқичи сифатида талқин этилади. Инсон борлиқ сирларидан ҳайратга тушган ҳолда, ўзининг илоҳий моҳиятини англайди ва комиллик сари интилади.
Умуман олганда, хамсанавислик анъанаси доирасида комил инсон концепцияси изчил равишда ривожланиб, Навоий ижодида ўзининг энг мукаммал ифодасини топади. Бу жараён инсон ҳақидаги қарашларнинг оддий назарий тасаввурлардан реал ижтимоий идеал даражасига кўтарилганини кўрсатади.
Бугунги кун нуқтаи назаридан қараганда, ушбу ғоялар алоҳида аҳамият касб этади. Аввало, комилликнинг ижтимоий фаолият билан боғланиши ёш авлодда фаол фуқаролик позициясини шакллантиришда муҳим маънавий асос бўлиб хизмат қилади.
Иккинчидан, аждодлар меросига таянган ҳолда, уни замонавий талабларга мос равишда ривожлантириш зарурлиги яққол намоён бўлади. Бу эса миллий тикланишдан миллий юксалиш сари интилишнинг муҳим омилларидан биридир.
Учинчидан, инсонни энг олий қадрият сифатида улуғлаш ғояси бугунги давлат сиёсатининг устувор йўналишлари билан ҳамоҳангдир. Бу қадрият асрлар давомида шаклланган маънавий меросга таянади.
Хулоса қилиб айтганда, хамсанавислик анъанасида илгари сурилган комил инсон ғояси нафақат адабий-эстетик идеал, балки жамиятни маънавий жиҳатдан юксалтирувчи муҳим асосдир. Алишер Навоий эса ушбу ғояни янги босқичга кўтариб, уни ҳаётий ва ижтимоий мазмун билан бойитди.
Бугунги кунда ҳам бу қарашлар ўз аҳамиятини йўқотмаган. Аксинча, улар баркамол авлодни тарбиялаш, жамиятда адолат ва эзгулик тамойилларини мустаҳкамлаш йўлида муҳим маънавий таянч бўлиб хизмат қилмоқда. Шу маънода Муслиҳиддин Муҳиддинов талқинидаги комил инсон концепцияси нафақат адабий идеал, балки бугунги кун жамиятини ижобий томонга ўзгартирувчи реал маънавий куч сифатида хизмат қила олади.
Аҳаджон МУҲАММАДИЕВ,
Шаҳрисабз давлат педагогика
институти профессори.
ЎзА