Комбинатда ҳар бир ёш қўллаб-қувватланади
Миллий технологик тадқиқотлар университети “МИСиС” Олмалиқ филиалида 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси, сенатор Абдулла Хурсанов комбинат ёшларини байрам билан табриклаб, улар билан яқиндан мулоқот қилди.
– Бугунги кунда юртимизда ёшлар учун барча шароит яратилган, бундан сизлар унумли фойдаланиб, илм олишингиз ва изланишингиз лозим, – дейди Абдулла Хурсанов. – Куни кеча қабул қилинган Президентимизнинг фармони билан Рух заводи кимёвий ишлаб чиқариш лабораторияси гуруҳ раҳбари Наргиза Отақулова “Келажак бунёдкори” медали билан мукофотланди. Бу барчамизни ғурурлантирди.
Биласизлар, давлатимиз раҳбари раислигида 28 июнь куни мис ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш ҳамда саноат кластерини ташкил этиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда малакали мутахассисларни жамлаб, мис саноати кластерини ташкил этиш бўйича чет эл тажрибасини чуқур ўрганиш, хорижий компаниялар билан ҳамкорлик ўрнатиш, геология ва кон-металлургия соҳасини ривожлантириш каби муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Эндиликда мис саноати кластерининг ҳар бир бўғини учун олий маълумотли муҳандис-технолог ҳамда ишчи мутахассисларни тайёрлаш, шу мақсадда етакчи хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ишлари олиб борилади. Мис саноати кластерининг ташкил этилиши, шубҳасиз, сиз ёшлар учун янги-янги имкониятлар эшигини очади.
Ушбу устувор ва истиқболли вазифаларни амалга оширишда бизга албатта, чуқур билимга эга, изланувчан, ташаббускор ёшлар керак. Ишонаманки, орангизда биз излаётган, янги ғоя ва илмлари билан жамият ривожига ҳисса қўшишга тайёр ёшлар жуда кўп. Биз сизларни қўллаб-қувватлашга доим тайёрмиз.
Тадбирда ёшлар бир қатор таклифларни илгари сурди. Жумладан, Мис бойитиш фабрикаси ёшлар иттифоқи раиси Бобур Собиржонов реконструкция ва лойиҳалаш ишларида ёшлар учун алоҳида штат ташкил этилишини, бу ишларда ёшларнинг фаоллигини таъминлаш, Электр тармоқлари бошқармаси муҳандиси Охунжон Усмонқулов комбинат миқёсида муқобил электр ва қайта тикланувчи электр манбаларидан фойдаланиш таклифини берди.
Шунингдек, Автомобиль транспорти бошқармаси етакчи муҳандиси Дониёрхон Расулов комбинат автокорхоналаридаги ҳайдовчиларнинг малакасини оширишда комбинатнинг ўзида ўқув курсларини ташкил этиш ташаббуси билан чиқди.
Бундан ташқари, бир гуруҳ ёшлар томонидан технопарк, ёшлар боғини ташкил этиш, овқатланиш талонларини электрон тарзда берилишини йўлга қўйиш, ноқулай шароитларда ишлаётган хотин-қизлар учун чуқурлаштирилган тиббий кўрикларни ўтказиш каби таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Тадбирда ҳар бир таклиф ўринли эканлиги, ушбу таклифларни ҳаётга татбиқ этиш муҳимлиги таъкидланди.
Тадбир доирасида ёшлар масаласида фаол бўлган раҳбар ходимлар ва етакчи ёшлар турли номинациялар бўйича комбинатнинг “Ёшлар фидокори” эсдалик кўкрак нишони билан тақдирланди. Шунингдек, Ёшлар ойлиги доирасида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик” шиори остида ўтказилган турли спорт мусобақалари, танловлар ғолибларига эсдалик совғалари топширилди.
Олмалиқ кон-металлургия комбинати Ахборот хизмати