Кўкдалада бунёдкорлик нафаси
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қашқадарё воҳасининг гавҳари бўлмиш Кўкдала тумани сўнгги йилларда шиддатли ўзгаришлар майдонига айланди. Инфратузилма, ижтимоий соҳа ва турар-жой қурилиши бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар натижаси ҳудуднинг қиёфасини бутунлай ўзгармоқда.
Туман маркази – Еттитом шаҳарчаси ва унинг атрофида давлат бюджетидан ажратилган 2 триллион сўм маблағ эвазига улкан бунёдкорлик лойиҳалари қад ростлади. Ҳокимлик ва маҳаллий идоралар учун барпо этилган замонавий бинолар нафақат архитектура дурдонаси, балки қулайлик ва шароит борасида ҳам юқори стандартларга жавоб беради. “Янги Ўзбекистон” массиви эса ҳудуд аҳолиси учун маданият, маърифат ва мулоқот масканига айланди.
Таълим соҳасидаги ўзгаришлар ҳам эътиборга молик. Жумладан, жорий йилнинг ўзида 20 та янги мактабгача таълим маскани, 2 та умумтаълим мактаби фойдаланишга топширилди. Замонавий кутубхоналар ва спорт иншоотлари эса ёш авлоднинг баркамол ривожланиши учун хизмат қилмоқда.
Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам қатор янгиликлар кўзга ташланди. Янги қурилган поликлиника маҳаллий аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имкониятини яратди.
159 километр йўлнинг таъмирланиши, 50 километр ичимлик сув қувурлари ва 80 километр электр линияларининг янгидан қурилиши туманда яшовчиларнинг ҳаёт сифатини сезиларли даражада яхшилади. Халқаро аҳамиятга эга йўл бўйларида барпо этилган савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари эса йўловчилар ва маҳаллий аҳолига қулайлик яратмоқда.
Шунингдек, туманда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги уч йил ичида туманда қатор янги корхоналар ташкил этилиб, мавжудлари модернизация қилинди. Бу эса янги иш ўринларининг яратилишига ва аҳоли бандлигининг ошишига олиб келди. Маҳаллий тадбиркорлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар уларнинг инвестиция киритишига ва янги лойиҳаларни амалга оширишига туртки бўлмоқда. Туман ҳокимлиги инвесторларни жалб қилиш бўйича фаол иш олиб бориб, ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини янада оширишга интилмоқда.
[gallery-23946]
Еттитом шаҳарчасида барпо этилган истироҳат боғи аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлса, 18 та янги маҳалла биноси фуқаролар билан ишлаш самарадорлигини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятли.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА