Кўкда қалқон, ерда посбон десантчилар (+видео)
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни
Фарғона шаҳрида жойлашган Шарқий ҳарбий окрукка қарашли ҳарбий қисмга кириб борарканмиз юрт ҳимоясига бел боғлаган ўғлонларнинг жанговар мушғулотлари устидан чиқдик. Тонг саҳардан бошланган жисмоний чиниқиш амалий машқларга, назарий ўқишларга уланиб кетади. Ҳарбийларнинг ҳар бир дақиқаси ҳисобли. Ҳатто улар китоб ўқиш, маданий ҳордиққа ҳам вақт топишади.
Ҳаво десантчилар бригадасида ҳар куни ана шундай қайноқ ҳаёт ҳукмрон. Зеро, десантчи бўлиш осонмас. Бу ерда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар осмондаги маҳорат ердаги машқларда тобланади, деган тамойилга қатъий амал қилади.
Мамлакатимизда Қуролли Кучларининг жанговар салоҳиятини юксалтириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий қурол-яроғ ва аслаҳалар билан таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний, маънавий-интеллектуал тайёргарлигини ошириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳаётга татбиқ этилган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли мамлакатимиз хавфсизлиги ҳамда барқарорлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга, аҳолининг тинч ва осуда ҳаётига қарши қаратилган ҳар қандай тажовуз ва ғаразли уринишларнинг олдини олишга қодир бўлган, ихчам, ҳар томонлама яхши таъминланган, жанговар қобилият ҳамда тайёргарликка эга миллий армиямиз шакллантирилди. Ўтган қисқа даврда янги Мудофаа доктринаси қабул қилинди, ҳарбий тузилмаларнинг таркиби ва вазифалари чуқур қайта кўриб чиқилди, қўшинларни бошқариш тизими такомиллаштирилди, миллий армиямизни замонавий қурол-яроғ ва техника воситалари билан таъминлаш бўйича ўта муҳим лойиҳалар амалга оширилди. Армия сафларида Ватан учун хизмат қилиш ҳар бир йигитнинг ғуруру ифтихорига айланди.
Дарҳақиқат, ўз қасамёдига содиқ, кенг билим ва малакага эга, ақл-заковатли, мард ва азму шижоатли ҳарбийлар армиянинг қудратли кучидир. Ғалабани таъминлайдиган ҳам, шахсий таркибни тарбиялайдиган ва ўз ортидан эргаштирадиган ҳам улардир. Бугунги кунда ҳарбий қисмдаги десантчилар мунтазам ҳарбий жанговарликни ошириб бормоқда. Бу ерда Президентимиз топшириғи асосида Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди синфлари ташкил этилиб, буюк саркардаларнинг ҳарбий маҳорати ўрганиб борилмоқда.
Капитан Умиджон Иброҳимов жанговар взвод командири. У Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидан. Ёшлигидан ҳарбий бўлишни, хусусан, десантчиликни орзу қиларди. Чин дилдан қилинган ҳаракат самарасида бугун ватан ҳимоячисига айланди.
Десантчиларнинг амалий машқлари уларни янада чиниқтиради. Уларнинг кўникма ва имкониятларини кенгайтириш, ҳар қандай вазиятда юксак руҳий ва жанговар барқарорлигини таъминлашга хизмат қиладиган машғулотлар айниқса, сакраш машқлари бунда муҳим аҳамиятга эга. Десантчиларимиз эса ҳар қандай шароитда ҳам берилган топшириқни уддасидан чиқа олишади.
Ҳа, бугун сарҳадларимиз ишончли қўлларда. Улар юрт тинчилиги йўлида мустаҳкам қалқон бўлиб, туну кун хизмат олиб боришмоқда.
[gallery-5402]
<iframe width="1366" height="657" src="https://www.youtube.com/embed/OrmD7vMjxq8" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>М. Сулаймонов,
М. Қодиров (сурат, видео) ЎзА