Коинотга йўл очган миллий сунъий йўлдош Қирғизистонга нима беради?
Қирғиз Республикаси "Кабар" ахборот агентлиги хабар беришича, энди мамлакат ўз ери, суви, экин майдони ва табиатини коинотдан назорат қила олади. Қирғизистоннинг биринчи миллий сунъий йўлдоши коинотга учирилиши билан қишлоқ хўжалигида сув сарфини камайтириш, ҳосилни аниқ баҳолаш, табиий ресурсларни назорат қилиш ва табиий офатларни олдиндан аниқлаш учун янги имкониятлар очилди.
Сунъий йўлдош АҚШнинг Калифорния штатидаги Ванденберг ҳарбий-ҳаво базасидан “SpaceX” компаниясига қарашли “Falcon-9” ракета ташувчиси ёрдамида орбитага учирилди. Жараёнда Президент Садир Жапаров ҳам бевосита қатнашди. Йўлдошни Бишкекдаги бошқарув марказидан кузатиш мумкин.
Бирлашган Араб Амирликлари билан бирга амалга оширилган ушбу лойиҳа давлат раҳбари кўрсатмаси билан 2 ярим йил олдин бошланган эди.
Жапаровнинг сўзларига кўра, миллий сунъий йўлдошнинг асосий афзаллиги шундаки, Қирғизистон коинот орқали мустақил равишда ахборот олиб, маълумотдан ўз эҳтиёжига қараб фойдалана бошлайди.
– Илгари биз бошқа мамлакатлардан миллиардлаб долларлик маълумотни сотиб олардик, энди бундай қарамлик йўқ, – деди Президент.
Қишлоқ хўжалигига қандай фойдаси бор?
Миллий сунъий йўлдош маълумотидан фойдаланиладиган асосий йўналишлардан бири қишлоқ хўжалигидир.
Сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазирлиги Вазият таҳлили ва тадқиқотлари бошқармаси бошлиғи Эрбол Замирбековнинг сўзларига кўра, сунъий йўлдош маълумоти орқали суғориш жараёни мувофиқлаштирилади.
– Масалан, бу йил Тўн туманида сунъий йўлдош тасвири асосида ўтказилган кузатувда маккажўхори фақат икки марта суғорилгани ва ҳосилдорлик 30 фоиз ошгани аниқланди, – дейди мулозим. – Бундай маълумот сувдан оқилона фойдаланиш, экин майдони ҳажмини аниқлаш ва йил давомида қишлоқ хўжалигини сув билан таъминлаш имкониятини олдиндан баҳолашга ёрдам беради. Яъни, сунъий йўлдош ёрдами билан йил бошидаёқ қайси ҳудудда сув етарли бўлишини олдиндан тахмин қилиш, муайян ҳудуд қайси экинлар учун қулайлигини аниқлаш мумкин. Шунингдек, сув танқислигига чидамли ўсимликни танлаш, экин майдони ёки мамлакат бўйлаб ҳосил чўғини аниқ баҳолаш имкони яратилади.
Эндиги асосий вазифа мавжуд имкониятдан самарали фойдаланиш.
А.Маматов, ЎзА