Кофирқалъа – Суғд ҳукмдорларининг қароргоҳи
Тарихнинг ўқилмаган саҳифалари
Тарихдан маълумки, Самарқанд Суғдида Афросиёб, Қулдортепа, Кофирқалъа, Иштихон, Қушония, Робинжон ва Добусия каби катта-кичик қадимги шаҳарлар мавжуддир. Бу шаҳарларнинг ичида Кофирқалъа шаҳарчасининг алоҳида ўрни бор.
Кофирқалъа шаҳарчаси – Дарғом каналининг чап қирғоғида, Афросиёбнинг жанубий томонида, Самарқанддан 18 километр жанубда жойлашган. Шаҳарнинг умумий майдони 16 гектар бўлиб, арк, шаҳристон ва рабоддан иборат. Арк квадрат шаклида бўлиб, ўлчамлари 76х76 метр, баландлиги 25 метрни ташкил этган. Шаҳристон ҳам тўртбурчак шаклида бўлиб томонлари 360 метрдан. Рабоднинг катта қисми ҳозирда экин майдонига айлантирилганлиги учун унинг аниқ ҳажми номаълумдир.

Ушбу ёдгорликда 1991 йилдан буён, дастлаб Я.Ғуломов номидаги археология институтининг археологик отряди, сўнгра Ўзбекистон-Италия халқаро қўшма экспедицияси, ҳозир эса Ўзбекистон-Япония халқаро қўшма экспедицияси олимлари ҳамкорликда қазишма олиб бормоқда. Ҳозиргача асосий археологик қазишмалар шаҳар аркида олиб борилди.
Арк унча баланд бўлмаган табиий тепалик устида жойлашган бўлиб, атрофи мустаҳкам мудофаа деворлари билан ўралган, тўрт бурчагида 4 та минораси бўлган. Аркнинг ичига унинг жанубий томонида барпо қилинган осма кўприк орқали кирилган, атрофида чуқур хандақ қазилган бўлиб, унда ҳамиша сув турган.
Қарийб ўн йилдан ортиқ вақт мобайнида Аркнинг ичидан айвон, ҳашаматли зал, ҳукмдор ўтиришига мўлжалланган тахтхона ва бошқа иншоотлар ўрганилди. Аркда сақланган маданий қатламлар асосан уч даврга мансуб бўлиб, биринчи давр VII-VIII асрларга, иккинчи давр VIII асрнинг иккинчи ярмига, учинчи давр X-XII асрларга оиддир.
Аркнинг биринчи қурилиш даври, юқорида айтганимиздек VII аср охири - VIII асрнинг биринчи ярмига мансуб. Бу даврда Кофирқалъа Арки гумбазсимон йўлакли девор билан ўралган сарой тарзида, ўта мустаҳкам монументал иншоотга айланган.

Йўғон ёғоч устунлар эса дарахтдан ясалган тагкурсилар устига ўрнатилган. Қазишмалар жараёнида Аркнинг ичи ниҳоятда бой ва ранг баранг ёғоч ўймакорлиги билан безатилгани маълум бўлди. Уларда инсон шакллари билан бирга ҳар хил ўсимликлар ва нафис геометрик нақшлар ҳам ишланган.
Суғд ҳукмдорларининг муҳри – булласи бўлган
Кофирқалъа Аркининг биринчи қурилиш даврини қазиш пайтида жуда кўплаб ноёб осори-атиқалар қўлга киритилди. Шулардан бири лойдан ясалган буллалардир (булла – муҳр, ҳукмдор ёки амалдор муҳрининг лойдаги нусхаси). Буллалар ўта ноёб археологик топилма бўлиб, улар кўпинча, ҳукмдор ёки йирик амалдорларга алоқадор ёдгорликларда учрайди .

Одатда, тери ёки қоғозга ёзилган ҳужжат рулон шаклида ўралиб, маълум жойидан тешилган. Тешикдан ип ўтказиб, ипнинг икки учи пишитилган хом лойда бирлаштирилган. Сўнгра лойга муҳр босилган. Лой қуригач эса ҳужжат керакли манзилга жўнатилган. Ҳар бир буллада муайян тасвир бўлган.
Қофирқалаъадан топилган буллаларда одамлар тасвири, ҳайвонлар ва қушлар тасвири, тамға ёки ҳар хил геометрик тасвирлар туширилган. Одам боши тасвирланган буллаларда ёзув битилган бўлиб, тасвир анчайин аниқ ифодаланган. Ушбу буллаларни таҳлил қилган олимларнинг фикрича, бу тасвирларда ҳукмдор, вазир ва йирик амалдорларнинг қиёфаси акс эттирилган.
Кофирқалъадан топилган буллаларни ўрганиш шуни кўрсатадики, VII-VIII асрларда Самарқанд Суғдида яшаган аждодларимиз дунёнинг турли томонларидаги ҳукмдорлар билан элчилик, сиёсий, маданий ва иқтисодий алоқалар олиб борган.
Покистондаги Пешовар шаҳрида ўтказилган археологик қазишмалар жараёнида бир ноёб булла топилган эди. Француз археологлари ушбу булла айнан Самарқанддан, Кофирқалъадан жўнатилган деган хулосага келган.
Панно тахтадан ясалган
Кофирқалъанинг биринчи қурилиш даврига оид маданий қатламдан топилган ёғоч панно ҳақида ҳам алоҳида тўхталмоқ лозимдир.
Кофирқалъадан топилган ёғоч панно – Суғд санъатининг ноёб намунаси ҳисобланади. Панно иккита кенг ва қалин тахтани темир михлар билан ўзаро бирлаштиришдан ҳосил бўлган. Паннонинг сиртида ҳар хил либосларда, қўлларига турли хил асбоблар, буюмлар ва совға-саломлар ушлаб олган юзлаб одамларнинг шакллари ўйиб ишланган. Ушбу композициянинг асосий сюжети – маъбудага сиғиниш, совға-саломлар эҳсон қилиш саҳнасидан иборатдир.
Паннонинг юқори қисмида, бемалол ётиб олган шер кўринишидаги олтин тахт устида ўтирган маъбуда Нана тасвирланган. Маъбуданинг бошида қанотли тож, бир қўлида эса асо, иккинчи қўлида қандайдир буюмни ушлаб турибди.
Шунингдек, паннода маросим пайтида “Авесто” муқаддас китобидан мадҳияларни мусиқа жўрлигида кўйлаётган созандалар ва уларнинг мусиқа асбоблари акс эттирилган. Созандаларнинг қўлларида ўша даврда Суғдда кенг тарқалган чилтор, уд, қўбизча, ноғора, сибизға каби мусиқа асбоблари мавжуд. Ушбу мусиқа асбобларининг аксарияти Суғд созандалари билан бирга Буюк Ипак йўли бўйлаб Хитой, Япония ва Корея каби давлатларга борган ва у ерларда машҳур бўлган.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Япониянинг Нара шаҳридаги қадимги ибодатхонада VII-VIII асрларда япон императорига келтирилган қимматбаҳо совғалар коллекциясида иккита мусиқа асбоби ҳам сақланади. Шу пайтга қадар япон олимлари ушбу мусиқа асбобларини қаердан келтирилганлигини билмай ҳайрон эдилар.

Кофирқалаъадан топилган паннода айнан Япониядаги мусиқа асбобларига ўхшаш асбоблар тасвири мавжуд эди. Шундан сўнг япон олимлари ўзларида сақланаётган икки мусиқа асбоби айнан VII-VIII асрларда Самарқанддан олиб борилганлигини тан олдилар. Ушбу ноёб панно 2022 йилнинг кузида Франциядаги машҳур Лувр музейида жаҳонга намойиш этилади.
Арк очиқ осмон остидаги музей бўлиши керак
Тадқиқотлардан маълум бўлишича, Кофирқалъа арки VIII асрнинг бошларида ёндириб юборилган. Шу тариқа жуда бой ва ранг-баранг деворий суратлар, ёғоч ўймакорлиги билан безатилган сарой, дунёнинг турли томонларидан олиб келинган ноёб ҳужжатлар, ёзишмалар йўқолган.
Арк анча вақт мобайнида хароба аҳволда ётган, VIII асрнинг ўрталарига келиб култўдалар текисланиб яна янги иншоотлар барпо қилинган. Энди бу ерга кўчиб келган аҳоли Ислом динини қабул қилган эди.. Буни Аббосийлар сулоласининг биринчи халифаси Абул-Аббос ас-Саффоҳ ҳукмронлиги даврида, ҳижрий 135 йили (милодий 753 йил) зарб этилган олтин танга ҳам кўрсатиб турибди. Бундан ташқари, Кофирқалъанинг иккинчи қурилиш даврига оид Аббосийларнинг юздан ортиқ кумуш тангалари ҳам топилган.
Бу қурилиш даври ҳам унчалик кўп яшамади, IХ асрнинг бошларида келиб вайрон қилинган. Орадан йиллар ўтиб, Х-ХIII асрларда Кофирқалъа Аркида яна одамлар истиқомат қилганликлари маълум бўлди. Аммо, бу асрларда курилган янги иншоотлар унчалик мустаҳкам бўлмаган.
Кофирқалъа шаҳарчаси ўз маҳобати, меъморчилик ечимлари билан Бухоро вилоятида сақланган, Бухоро ҳукмдорларининг қароргоҳи Варахша ёдгорлигига жуда ўхшайди. Х асрда Самарқандга ташриф буюрган араб географи ибн Хавқалнинг ёзишича, Самарқанд ҳукмдорларининг шаҳар чеккасидаги қароргоҳи Ривдад деган манзилда бўлган. Сайёҳ бу ерга ташриф буюрганида Ривдад анчайин хароба ҳолда ётган. Хитой йилномаларида ёзилишича, Самарқанд ҳукмдорлари бу ерга келиб Наврўз ва Меҳржон байрамларини нишонлаганлар. Бундай байрамларда ҳукмдорга қимматбаҳо совға-саломлар инъом этилган. Шунингдек, манбаларда бу ерда аждодлар руҳига бағишланган йирик ибодатхона мавжуд бўлиб, йилнинг олтинчи ойида аждодлар руҳига бағишлаб қурбонликлар қилингани баён этилган.
Кофирқалъа VIII асрнинг бошларигача Самарқанд ҳукмдорларининг шунчаки оддий қароргоҳи бўлмай, балки бу ерда алоҳида умумдавлат аҳамиятига молик тантаналар, маросимлар, байрамлар ҳамда қабуллар ўтказиладиган муҳим маскан бўлган.
Шу сабабли ушбу ёдгорликни алоҳида эътибор билан сақлаш, уни очиқ осмон остидаги музейга айлантириш ва шу орқали илк ўрта асрлардаги Самарқанд ҳукмдорлари саройининг асл ҳолатини саёҳларга намойиш қилиш мақсадга мувофиқ бўларди. Шу кунларда Кофирқалъада италиялик ҳамкасблар билан ҳамкорликда археологик тадқиқотлар олиб борилмоқда. Янги кашфиётлар ҳали олдинда.
Амриддин БЕРДИМУРОДОВ,
Я. Ғуломов номидаги Самарқанд археология
институтининг етакчи илмий ходими,
Кофирқалъа экспедицияси раҳбари
ЎзА.