Китоб кўргазма-ярмаркаси ўтказилди
Китобхонлик ҳафталиги доирасида пойтахтимиздаги “Dream park” истироҳат боғида АОКА, шаҳар ва туман ҳокимликлари, Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона, Республика Болалар кутубхонаси, нашриётлар ва “Ўзбеккитобсавдо” ташкилоти, “Баркамол авлод” республика болалар бадиий ижод маркази ҳамкорлигида китоб савдо ярмаркаси ташкил этилди.
Китоб кўргазма-ярмаркасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга бағишланган тадбирлар, хорижий ва маҳаллий китоб маҳсулотлари билан танишиш, янги асарларнинг тақдимотлари, шунингдек, турли акция ва китоб танловлари ўтказилди.
Икки кун давом этадиган китоб ярмаркасида китобсеварлар юртимиздаги нашриётлар фаолияти ва улар томонидан ўқувчиларга тақдим этилаётган турли жанрдаги янги адабиётлар билан танишиш, харид қилиш билан бир қаторда акция ва танловларда иштирок этиш орқали китоблар тўпламларини ютиб олиш имконига эга бўлди.

Н.Усмонова, ЎзА