Киноижодкорлар билан учрашув
Андижонда “Кинокарвон” тарғибот гуруҳи томонидан аҳоли ва ёшлар билан учрашувлар ўтказилмоқда.
Кинематография агентлиги ва Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази ҳамкорлигида ташкил этилган “Кинокарвон” тарғибот гуруҳи таркибида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Хосият Ҳусанова, актёрлар Умид Искандаров, Вазира Юнусова, Боситхон Раҳматов, Дилшодбек Каттабеков сингари санъаткорлар Андижон вилоятидаги маданият марказлари, таълим муассасаларида бўлиб, киномухлислар билан ижодий учрашувлар, давра суҳбатлари ва мулоқотлар ўтказмоқда.
Ана шундай учрашувлардан бири Андижон машинасозлик институтида бўлиб ўтди. Институт ўқитувчилари, талаба ёшлари билан мулоқотда кино санъати, айниқса, миллий фильмларимизнинг халқимиз ҳаётидаги ўрни ва роли, миллий кинематографияни ривожлантириш, мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар, келгусидаги режалар хусусида атрофлича сўз юритилди.
Тадбир иштирокчилари томонидан миллий кинематографиямизни ривожлантириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Киноижодкорлар суръатга олиш жараёнларидаги ўзига хос саргузаштлар, қизиқарли воқеаларга оид таассуротлари билан ўртоқлашди, мухлисларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди.
Учрашув доирасида “Аёл қалби” номли янги фильм намойиш этилди.
[gallery-6638]
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА