Кино санъатига бахшида умр
Пойтахтимиздаги "Ренессанс кино уйи"да Ўзбекистон санъат арбоби, Давлат мукофоти совриндори, таниқли оператор, профессор Абдураҳим Исмоилов билан ижодий учрашув ташкил этилди.
Маълумки, устоз Абдураҳим Исмоилов миллий фотография, кинематография санъатининг қомусий билимдони, донишманди саналади. У олий ўқув юртини тугатгач, дастлаб Тошкентдаги Илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар киностудиясида, сўнгра “Ўзбекфильм” киностудиясида самарали фаолият олиб борди. Ҳозирда олий таълим даргоҳида ёшларга ўз билим ва тажрибасини ўргатмоқда.

Фильмнинг муваффақияти, тасвир сифати, бадиияти, томошабин меҳрини қозониши кўп жиҳатдан операторларга боғлиқ. Абдураҳим ака юксак дид, эстетик тафаккур, катта тажриба, билим ва маҳорат соҳиби экани билан миллий кино санъати, шогирдлари учун қадрлидир.
“Чегара шу ерда тугайди”, “Ўзгалар бахти”, “Келин кузатиш”, “Кўзларим йўлингда”, “Кичкина табиб”, “Ватан”, Қўрғошин”, “Осмондаги болалар” каби фильмлар муваффақиятида Абдураҳим Исмоиловнинг ҳам катта меҳнатлари бор.

– Бугун миллий кино соҳаси учун улкан имкониятлар эшиги очилмоқда, – деди устоз Абдураҳим Исмоилов мулоқот давомида. – Ёшлар ана шу имкониятлардан унумли ва самарали фойдаланишларини, янада янги ижодий ташаббусларни илгари суришларини истардим.

Учрашув давомида Кинематография агентлиги буюртмасига биноан Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси томонидан “Ватан тимсоллари“ рукни остида суратга олинган “Кино санъатига бахшида умр“ номли ҳужжатли фильм намойиши бўлиб ўтди. Фильм юртимизнинг моҳир тасвирчиси А.Исмоиловнинг фаолияти, ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилиши билан аҳамиятлидир.
Кечада фильм қаҳрамонининг яқинлари, киноижодкорлар, талаба-ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Н.Усмонова, ЎзА