Кино ҳақиқатга айланмоқда: Португалияда ҳайдовчисиз машиналар
Фантастик фильмлардаги технология энди Португалия кўчаларида ҳақиқий синовдан ўтказилади. Июль ойидан бошлаб мамлакатда ҳайдовчисиз ҳаракатланиш имконига эга автомобилларга аҳоли фойдаланадиган йўлларда ҳаракатланишга рухсат берилади. Ҳукумат бу қадамни келажак транспорти сари муҳим бурилиш сифатида баҳоласа-да, хавфсизлик биринчи ўринда қолиши учун қатор қатъий талаб ҳам жорий этмоқда.
Янги тартибга кўра, синовда университетлар, илмий марказлар ва автомобилсозлик соҳасидаги компаниялар иштирок этади. Ҳар қандай транспорт воситаси йўлга чиқишидан аввал махсус рухсатнома олиши шарт. Шунингдек, лойиҳалар хавфни камайтириш режаси ва кибер хавфсизлик чорасини ҳам тақдим қилиши керак. Кибер хавфсизлик – транспорт тизимига ташқи аралашув ёки хакерлик ҳужумининг олдини олишга қаратилган ҳимоя чораси демакдир.
Ҳукумат фикрича, ҳайдовчисиз транспорт технологияси ҳаракатланиш салоҳияти чекланган инсонлар учун қўшимча имконият яратади. Масалан, саломатлиги ёки ёши сабаб машина бошқара олмайдиган фуқаролар келажакда бундай транспортдан мустақил фойдаланиши мумкин. Шу билан бирга технология шахсий автомобилдан самаралироқ фойдаланиш ва шаҳарлардаги транспорт муаммосини қисман юмшатишга ёрдам беради.

Синов вақти хавфсизликка алоҳида эътибор қаратилади. Автоном автомобил, яъни инсон аралашувисиз ҳаракатлана оладиган транспорт воситаси одатий машинага нисбатан анча юқори суғурта ҳимоясига эга бўлиши лозим. Йўлларда эса белгиланган тезлик чегараси яна 20 километр/соат пасайтирилади. Барча автомобиллар ҳаракат пайти тезлик, тўхтатиш тизими, бошқарув ҳаракати ва фавқулодда ҳолат ҳақидаги маълумотни доимий қайд этиб борадиган махсус қурилма билан жиҳозланади.
Мусулмон Зиё, ЎзА