Кимё саноатида янги ғоялар ва технологиялар
Пойтахтимизда “Қизилқум фосфоритларини ўзлаштириш ва фосфорли ўғитлар ҳамда фосфор тузлари ишлаб чиқаришнинг ресурстежамкор технологиялари” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Пойтахтимизда “Қизилқум фосфоритларини ўзлаштириш ва фосфорли ўғитлар ҳамда фосфор тузлари ишлаб чиқаришнинг ресурстежамкор технологиялари” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.“Ўзкимёсаноат” ва “Аммофос-Максам” акциядорлик жамиятлари ҳамкорликда ташкил этган конференция фосфор саноати соҳасида фаолият юритувчи олимлар, мутахассислар ва корхона вакиллари учун мулоқот майдонига айланди.
Биринчи Президентимиз истиқлолнинг илк йилларидан бошлаб мамлакатимизда кимё саноатини техник ва технологик янгилаш, уни мустаҳкам хомашё базаси билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратди. 1992 йилда фосфорит хомашёси захираларини ўзлаштиришга доир қарор ҳамда Жер-Сардарин конини босқичма-босқич фойдаланишга топшириш дастури қабул қилинди. Натижада 1998 йил май ойида йилига 400 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган Қизилқум фосфорит комплекси ишга туширилди.
2005 йилда унинг йилига 716 минг тонна фосфорит концентрати тайёрловчи иккинчи навбати фойдаланишга топширилгач, мазкур маҳсулотнинг хориждан сотиб олинишига бутунлай чек қўйилди. Бу ерда пишириш печи ва фосфорит хомашёсини хлордан тозалаш қурилмаси бунёд этилиши нафақат Қизилқум фосфорит комплексида, балки “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятининг бошқа корхоналарида ҳам тайёрланадиган минерал ўғитлар сифатини янада ошириш баробарида, янги турдаги фосфорли ўғитлар ишлаб чиқариш имконини берди. Экспорт ҳажми ҳам сезиларли даражада ортди.
“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти раиси ўринбосари Ҳ.Бекбергенов, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Умумий ва ноорганик кимё институти директори Б.Зокиров ва бошқалар Ўзбекистон дунёдаги азот, фосфор ва калий ишлаб чиқарувчи давлатлар қаторига киришини алоҳида таъкидлади. Хусусан, “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти азот ҳамда фосфор ўғитлари тайёрлаш бўйича Марказий Осиёда ҳақли равишда етакчи ўринни эгаллаши билан бирга, чет мамлакатларга аммиак, карбамид, аммиак селитраси, сульфат аммоний, аммофос ва нитрофоска етказиб берувчи йирик тизим ҳисобланади. 2016 йилда жамият корхоналарида 2001 йилдагига нисбатан минерал ўғитлар 1,9 баробар, жумладан, азотли ўғитлар 1,7, фосфорли ўғитлар 1,3 баробар кўп ишлаб чиқарилгани бунинг тасдиғидир.
– Фосфорит хомашёсини қайта ишлаш ва улар асосида минерал тузлар олиш бугунги кунда муҳим аҳамиятга эга, – дейди Умумий ва ноорганик кимё институти директорининг ўринбосари А.Реймов. – Бизда Қизилқум фосфоритини қайта ишлаш бўйича инновацион технологиялар ишлаб чиқиш доимий эътиборда. Мисол учун, фосфорит хомашёси 900 градус ҳароратда куйдирилиб бойитилади. Бу жараённинг янада иқтисодий самарадор усуллари изланиб, фосфоритни юқори ҳарорат сарфламасдан, кимёвий усуллар билан бойитиш борасида тадқиқот давом эттирилмоқда.
Конференция фосфоритларни қайта ишлаш технологиялари доирасида эришилган ютуқлар ва уни ривожлантириш истиқболларини яна бир бор дунё ҳамжамиятига намойиш этиш имконини берди. Унда олимлар, олий ўқув юртлари вакиллари ҳамда ишлаб чиқарувчилар ўртасида илмий ва илмий-техник масалалар муҳокама қилинди. Корхоналар ва илмий ходимлар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, долзарб, амалий илмий-техник муаммолар муҳокамасида талабалар, магистрантлар ва илмий ходимларнинг иштироки учун имконият яратилди.
– Ўн беш йилдан буён турли ўғитлар ишлаб чиқариш борасида “Аммофос-Максам” жамияти билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйганмиз, – дейди Ўғитлар ва инсектофунгицид бўйича илмий-тадқиқот институти бўлим бошлиғи, техника фанлари доктори Андрей Малявин (Россия). – Мақсадимиз замонавий технологияларга асосланган, энергия тежовчи асбоб-ускуналарни қўллаган ҳолда сифатли, экспортбоп, юқори қўшимча қийматга эга бўлган ва халқаро бозорда рақобатдош маҳсулотлар тайёрлашдир.
Конференция шўъбаларида Қизилқум фосфоритларини минерал кислоталар билан бойитиш технологияси, минерал кислоталар билан қайта ишлаш технологияси, экстракцион фосфор кислотаси ва у асосида маҳсулотларни қайта ишлаш, фосфогипс ва уни қайта ишлаш истиқболлари, фосфат хомашёсини қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш тармоқларини техник тартибга солиш каби мавзуларда маърузалар тингланди.