"Ким Ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша!"
Пойтахтимиздаги "Халқлар дўстлиги" саройига туташ майдонда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан "Ким Ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша!" мавзуида ҳарбий-ватанпарварлик фестивали ўтказилди.
Шу муносабат билан мазкур майдон янада ўзгача кўрк, салобат касб этган. Бу ерда замонавий ҳарбий техника воситалари тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола этилган.
... Муаззам майдон узра мактаб ўқувчилари ҳарбийларга, уларнинг техник жиҳозлари, автомашиналарига ҳайрат ва ҳавас билан қарайди. Фестивалга кенг жамоатчилик, ижодкор зиёлилар, талаба ва ўқувчилар, ота-оналар таклиф этилган.
Майдон узра юртимиз байроғи мағрур ҳилпирайди. Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси янграйди.
Мамлакатимизда миллий Армияни давр талабига монанд ислоҳ этиш, тинчлигимиз, осойишталигимиз посбонлари бўлган ҳарбийларни қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
[gallery-756]
– Давлатимиз раҳбари, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизда ҳарбий-ватанпарварликка оид тадбирлар, фестиваллар жуда юқори, кўтаринки руҳда ўтказилмоқда, – деди Ўзбекистон халқ артисти Мирзабек Азизов. – Бу каби фестиваллар ёшларни юрт тақдирига дахлдорлик, ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади. Аслида биз тинч ва осойишта ҳаётимиз учун ҳарбийларга доим таъзимдамиз.
– Оиламизда ҳарбийлар бўлмаса-да, бу соҳага болаликдан жуда қизиқаман, – деди Ҳарбий ҳаво кучлари мутахассиси Илёс Облоқулов. – Йигит кишига ўз Ватанини, халқини ҳимоялаш шарафли бурчдир. Ота-онам ҳам гарчи оддий ишчи бўлишса-да, ҳарбий соҳа вакилларига ҳавас билан қарайди. Мен ҳарбийликдан бошқа соҳани тасаввур ҳам қилолмайман.
Кўтаринки руҳда ташкил этилган фестивалда ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар, моддий таъминот бўлимларининг имкониятлари намойиши, ҳарбий жамоаларнинг бадиий, мусиқали дастури, саф тайёргарлиги, қўл жанги бўйича чиқишлари, кинологларнинг махсус кўргазмали намойиши тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди.
Ватан, истиқлол, бунёдкор халқимиз, мард ўғлонлар мадҳ этилган қўшиқлар фестивалга янада завқ, жўшқинлик бағишлади.
Ҳарбий-ватанпарварлик фестивали барчага манзур бўлди.
Назокат Усмонова, ЎзА