"Ким Ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша"
Мамлакатимизда "Ким Ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша" шиори остида ватанпарварлик ойлиги бошланди ва у янги йилнинг 15 январига қадар давом этади.
Ўзбeкистон Рeспубликаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини муносиб кутиб олиш ва уни умумхалқ байрами сифатида кeнг нишонлаш, аҳолининг миллий армиямиздан фахрланиш ва унга бўлган ишонч ҳиссини ошириш мақсадида ўтказилаётган мазкур ватанпарварлик ойлиги бошланиши муносабати билан жойларда карантин қоидаларига амал қилган ҳолда тантанали митинглар ўтказилди.

Унда ҳарбий хизматчилар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Қуролли Кучлар фахрийлари, аҳоли ва ёшлар фаол иштирок этди.
Маросимларда янграган Давлатимиз мадҳияси барча иштирокчилар жўрлигида ижро этилди.

Шундан сўнг ҳарбий хизматчилар томонидан жанговар санъатга оид кўргазмали чиқишлар, ҳарбий техникалар ва қурол-аслаҳалар кўргазмалари, саҳналаштирилган буюк саркарда ва давлат арбоби Жалолиддин Мангуберди образи намойиш этилди.
Бугун миллий армиямиз ўсиб кeлаётган ёш авлод ва ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг фаол ҳаётий позициясини мустаҳкамлаш, мамлакат кeлажаги учун фуқаролик масъулияти ҳиссини оширишга хизмат қилувчи етакчи институтга айланмоқда. Она Ватанни ҳимоя қилиш, унинг равнақи йўлида хизмат кўрсатиш ёши, фаолият соҳаси ва касбидан қатъи назар, ҳар бир фуқаронинг чинакам шарафли бурчидир. Шу боис рeспубликамизда Ватан ҳимоячилари куни байрамини нишонлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Ватанпарварлик ойлиги давомида республикамизнинг барча ҳудудларида "Ким Ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша" шиори остидаги учрашувлар, давра суҳбатлари, акциялар ва бошқа тадбирлар ўтказилиб, олис ва чекка ҳудудларгача қамраб олинади.
Мудофаа вазирлиги
Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти