Кичик ва микро ГЭСлар қурилишида тадбиркорларга қандай имкониятлар яратилмоқда?
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган “UzHydroPower” заводида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси Ислом Абдураҳмонов тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Унда “Ўзбекгидроэнерго” тизимидаги “Гидропроект” АЖ ва бошқа ташкилотлар масъуллари, “Туронбанк” АТБ мутасаддилари ҳамда 20 нафарга яқин тадбиркор иштирок этди. Мулоқотда гидроэнергетика соҳасини янада ривожлантириш, кичик ва микро ГЭСлар қурилишини кенгайтириш, шунингдек, давлат-хусусий шериклиги асосида хусусий сектор иштирокини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Ислом Абдураҳмоновнинг таъкидлашича, Президентимиз ташаббуси ва қўллаб-қувватлови асосида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан гидроэнергетика соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, кичик ва микро ГЭСлар қурилишини кенгайтириш, маҳаллий ишлаб чиқариш салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шунингдек, хусусий сектор вакиллари ҳамда тадбиркорлар учун қулай имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунга кўра, мулоқот аввалида соҳада амалга оширилаётган ишлар, истиқболли лойиҳалар, кичик ва микро ГЭСлар қурилиши, маҳаллий ишлаб чиқариш имкониятлари ҳамда тадбиркорлар учун яратилаётган шароитларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, тадбиркорларга кичик ва микро ГЭСлар учун мақбул ҳудудларни аниқлаш, лойиҳалаштириш, техник ечимларни танлаш, зарур гидроагрегат, турбина ва генераторларни етказиб бериш, қурилиш-монтаж ишларини ташкил этиш ҳамда объектларни ишга туширишга қадар бўлган барча босқичлар бўйича амалий тушунтиришлар берилди.
Мулоқот давомида тадбиркорлар ҳам ўз лойиҳаларини амалга оширишда дуч келаётган масалаларни мутасаддилар билан муҳокама қилиб, уларни ҳал этиш юзасидан таклифларини билдирди. Соҳа мутахассислари эса лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, техник талабларни белгилаш, ускуналарни танлаш ва етказиб бериш, қурилиш-монтаж ишлари, объектларни ишга тушириш ҳамда лойиҳаларни молиялаштиришга оид саволларга аниқ ва амалий жавоблар берди.

Шунингдек, Туронбанк вакиллари томонидан тадбиркорларга имтиёзли кредитлардан фойдаланиш имкониятлари, молиялаштириш шартлари ва зарур тартиб-таомиллар юзасидан тушунтиришлар берилди.
Учрашувда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ хусусий сектор вакилларининг ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, лойиҳаларни ишлаб чиқишдан тортиб, уларни тўлиқ ишга туширишгача бўлган барча босқичларда зарур ташкилий, техник ва амалий кўмак кўрсатишга тайёр эканини билдирди. Юзага келаётган масалаларни жойида ўрганиш ва уларга амалий ечим топишга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.
Мулоқот доирасида иштирокчилар “UzHydroPower” заводининг ишлаб чиқариш имкониятлари билан танишди. Маълум қилинишича, Хитойнинг “Zhejiang Jinlun Electromechanic Co., Ltd.” компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур қўшма корхона қуввати 1 кВтдан 40 МВтгача бўлган замонавий гидроагрегатлар, турбиналар, генераторлар, сув насос агрегатлари ҳамда сув омборлари учун металл конструкциялар ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Заводнинг маҳаллий ишлаб чиқариш салоҳияти эса кичик ва микро ГЭС лойиҳаларини замонавий, сифатли ва рақобатбардош ускуналар билан таъминлаш имкониятларини кенгайтирмоқда.
Мулоқот якунида тадбиркорларнинг таклиф ва мурожаатлари атрофлича кўриб чиқилиб, кўтарилган масалалар бўйича амалий ечимлар белгилаб олинди. Масъулларга тегишли вазифалар юклатилди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА