Кичик мутахассислар армия таянчи
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Кичик мутахассислар тайёрлаш марказида ҳарбий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаб, армия сафига қўшилаётган ҳарбий хизматчилар армиянинг таянчига айланмоқда.
Бугунги кунда марказда ўн икки йўналишда Қуролли Кучлар тизими учун кичик мутахассислар тайёрланмоқда. Уларни ҳар томонлама етук мутахассислар бўлиб етишиши учун марказда етарли шароит яратиш мақсадида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Марказда яратилган шароитлар билан танишиш, курсантлар, қолаверса марказда йигитлик бурчини адо этаётган аскарларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар қалбида она Ватанга бўлган садоқатни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси «Ватан» хайрия жамоат фонди оммавий ташкилий ишлар бўлими бошлиғи Б. Содиқов ва бир гуруҳ фахрий ҳарбийлар Кичик мутахассислар тайёрлаш марказига ташриф буюрди.
[gallery-9382]
Марказ бошлиғи, полковник Анвар Жаббаров ҳамда тактика цикли катта ўқитувчиси, подполковник Шуҳрат Сафаров ҳамроҳлигида марказда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишган фахрийлар яратилган шароитларни алоҳида эътироф этди. Бу ерда тайёрланаётган кичик мутахассислар миллий армиямизнинг куч-қудратини ошириш ва она Ватанимиз сарҳадларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшадиган мард, жасур ҳамда юксак салоҳиятли ҳарбий хизматчи бўлиб етишишига ишонч билдирди.
Шунингдек, фахрийлар марказда хизмат қилаётган аскарлар ҳамда “Меҳнат, ҳарбий ватанпарварлик йиғини”да қатнашаётган самарқандлик ёшлар билан учрашиб уларга ҳарбий хизматнинг шарафи, унинг масъулияти ҳақида тушунчалар бериб, қатор ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар билан таништирди. Уларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглаб, қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб қайтарди.
Алишер ИСРОИЛОВ(сурат),ЎзА