Кичик майдонда катта имконият
Фарғона вилояти Риштон туманидаги Ҳожиқишлоқ маҳалласида яшовчи Фахриддин Ёдгоров ўз хонадонида шампиньон қўзиқорини етиштиришни йўлга қўйиб, оила аъзоларининг бандлигини таъминлади. Авваллари дурадгорлик соҳасида усталарга ёрдамчи бўлиб ишлаган ёш тадбиркор бугун ўз бизнесини ривожлантирмоқда.
Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун дастлаб етарли маблағи бўлмаган Фахриддин Ёдгоров маҳалла масъуллари кўмагида 100 миллион сўмдан зиёд имтиёзли кредит олди. Шунингдек, ўз маблағларини ҳам йўналтириб, хонадони ҳудудида бир сотихдан кам майдонда махсус бино барпо этди.
— Маҳалла масъуллари ташаббусимни қўллаб-қувватлади. Кредит маблағига қўшимча равишда шахсий автомашинамни ҳам сотиб, ишга сармоя киритдим. Қўзиқорин етиштириш учун зарур чиринди, уруғ ва торф харид қилдим. Бу жараёнда ҳарорат ва намликни меъёрда сақлаш, маҳсулотни мунтазам парваришлаш муҳим. Тахминан 45–50 кунда ҳосил олиш мумкин, - дейди Фахриддин Ёдгоров.
Мавжуд майдондан самарали фойдаланиш мақсадида бино ичига тўрт қаватли махсус токчалар ўрнатилиб, қўзиқорин етиштириш учун зарур шароит яратилди. Жорий йилнинг август ойида бошланган фаолият дастлабки натижасини берди. Етиштирилган маҳсулотлар маҳаллий бозорларга етказиб берилмоқда.
Тадбиркорнинг айтишича, бир йилда тўрт марта ҳосил олиш мумкин. Ҳар бир ҳосилдан 60 миллион сўмдан зиёд тушум олиш имконияти мавжуд. Келгусида ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш ва маҳсулотни экспортга йўналтириш режалаштирилган.
Эътиборлиси, мазкур ташаббус орқали оиланинг беш нафар аъзоси иш билан банд бўлди. Ф. Ёдгоров эндиликда орттирган тажрибасини маҳалладошлари билан ўртоқлашиб, уларни ҳам тадбиркорликка жалб этишни мақсад қилган.
[gallery-32371]
Хонадонда йўлга қўйилган ушбу фаолият кичик майдонда ҳам даромадли иш ташкил этиш, оилавий бандликни таъминлаш ва маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш имкониятлари мавжудлигини кўрсатмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА