Кичик ҳаракатдан йирик тадбиркорликка
2021йил 23 декабрда мамлакатимизда “Тадбиркорлар куни”ни белгилаш тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-739-сон Қонуни қабул қилинди. Ушбу кунда давлат раҳбари тадбиркорлар билан анъанавий тарзда учрашув ўтказади. Учрашув расмий мажлис тарзида эмас, балки бир йилда эришилган ютуқларни қайта эсга олиш ҳамда янги марраларни белгилаш борасида бўлади.
Мамлакатимиз иқтисодиётига тадбиркорлар қўшаётган ҳисса йилдан-йилга ошиб бормоқда. Ишбилармон ва ғайратли тадбиркорлар асосий солиқ тўловчи, иш ўрни яратувчи, инновацияларни қўлловчи, жамиятларда муаммоларга ечим берувчи ҳамда саҳоватпеша инсонлар сифатида намоён бўлмоқда.
Мустақиллигимизнинг дастлабки пайти кичик уруниш сифатида бошланган тадбиркорлик фаолияти айни дамда йирик саноат ишлаб чиқаришига айланиб бораётганлигининг гувоҳи бўлмоқдамиз.
“Ўтган даврда минглаб микро ва кичик корхоналар қисқа муддатда яратилган шароитлардан самарали фойдаланиб, катта-катта компаниялар билан рақобат қила бошлади. Масалан, 1 минг 600 та микро корхона бир йил ичида оборотини 10 миллиард сўмдан ошириб, бирданига ўрта корхонага, 143 таси эса, 100 миллиард сўмдан ошириб, йирик корхонага айланди. Яна 122 та кичик корхона олдинга икки қадам сакраб, йирик бизнес сафига қўшилди. Ўтган йили обороти 1 триллион сўмдан ошган 203 та корхона бор эди. Бу йилнинг ўтган олти ойида уларга қўшимча яна 47 та корхона 400-500 миллиард сўмлик маррани забт этди. Насиб қилса, йил якунигача улар ҳам бемалол “триллиончилар” сафига қўшилади.” Ушбу маълумотлар Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2025 йил 20 август кунида мамлакатимиз тадбиркор ва ишбилармонлари билан бўлган учрашуви нутқида келтириб ўтилди.
Давлат раҳбарини нутқи ва унда маълумотлар таҳлил қилинса, мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари сони ва салмоғи ошиб бормоқда. Кичик тадбиркорлик субъектлари ривожланиш ва йириклашишга жадал интилмоқда. Бу борада давлат сиёсатининг тўғри йўналиш олганини олқишлаш жоиз. Шу билан бирга амалга оширилган ишлар ва бу борада хорижий мамлакатлар тажрибасини келтириб ўтиш фойдадан холи эмас.
Тадбиркорлик субъектларини тоифалар ва уларни рағбатлантириш тизимини янги воқеълик дейиш мумкин. 2012 йил 2 майда қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун тадбиркорлик субъектларининг илк таснишланишини ўзида акс эттирган эди. Қонуннинг 5-моддасига кўра кичик тадбиркорлик субъектлари ЯТТ, микрофирма ва кичик корхона тоифаларига ажратилган. Микрофирма ва кичик корхона мақоми ходимларнинг йиллик сонидан келиб чиқиб белгиланган. Ўзбекистон Республикасида 2010 йилда кичик тадбиркорлик субъектлари сони 179 693 тани ташкил этган бўлса, 2024йилга келиб уларнинг сони 614 897 тага етди. Кичик тадбиркорлик субъектлари солиқ имтиёзларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлганлиги сабабли уларнинг ривожланмаслиги ва кенгаймаслигига олиб келди.
Кейинчалик дунё тажрибасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 августдаги ПҚ-364-сон қарори йўл харитасида тадбиркорлик субъектлари микро, кичик ва ўрта тоифаларга ажратиш мезонларини ва шу асосда уларни давлат томонидан манзилли қўллаб-қувватлаш чораларини белгилаш назарда тутилди.
Президентимизнинг 2023 йил 10 февралдаги “Тадбиркорлик субъектларини тоифаларга ажратиш мезонлари ҳамда солиқ сиёсати ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-21-сон Фармонига кўра, тадбиркорлик субъектлари йиллик айланма миқдорига асосан кичик, ўрта ва йирикка таснифланиши лозимлиги белгиланди. Ушбу фармон кичик тадбиркорлик субъектларини ўрта, ўрта тадбиркорлик субъектларини эса йирик тадбиркорлик субъектига ўтишини янада рағбатлантириш лозимлигини назарда тутди.
Тадбиркорлик субъектларининг йириклашишини рағбатлантиришга оид сиёсат дунёнинг кўплаб ривожланган мамлакати томонидан олиб борилади. Хусусан Буюк Британия бу борада ижобий тажрибага эга ҳисобланади. Ушбу мамлакатда “start-up” ва “scale-up” тушунчалари қонунчиликда кенг фойдаланилади. Бугунги кунда кундалик ҳаётимизда “start-up” тушунчасидан фойдаланмоқдамиз. У янги ташкил этилган тадбиркорлик фаолиятини англатади. Аммо, “scale-up” тушунчаси биз учун анчайин янгидир.
“scale-up” Буюк Британия қонунчилигида корхоналар учун расмий мақом ҳисобланади. Буюк Британия Бизнес, энергетика ва саноат стратегияси департаменти (БEИС) бу таърифни расман сиёсат юритиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадларида қабул қилди. Мисол учун, Британия бизнес банки орқали молиявий маблағларни йўналтириш ва маҳаллий ўсиш марказлари (Growth Hub) ёрдамини такомиллаштириш каби ҳаракатлар айнан шундай кенгаювчи фирмаларга қаратилган. “scale-up” бу уч йиллик давр мобайнида ўртача йиллик ўсиши 20 фоиздан юқори бўлган — яъни даромади (айланмаси) ёки ходимлар сони бўйича — корхонадир. Бундай корхона мазкур уч йиллик даврнинг бошида камида 10 нафар ходимга эга бўлиши шарт. Айнан ушбу корхоналарга молиявий кўмак берилади.
Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларни янада ривожлантириш, уларнинг ишлаб чиқаришини кенгайтириш учун Буюк Британия тажрибаси қўл келиши мумкин.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, кичик тадбиркорлик субъектларининиг йириклашишини рағбатлантириш бу борада уларни мақсадли қўллаб қувватлаш мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда ҳал қилувчи қадам бўлади.
Алишер Жумагулов,
ТДЮУ Бизнес ҳуқуқи кафедраси доценти.