Кичик бизнес ускуналари кўргазмаси
Пойтахтимиздаги “Кўргазма савдо маркази” мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган “Кичик бизнес маҳсулотлари ва ускуналари” халқаро кўргазмаси иш бошлади.
Пойтахтимиздаги “Кўргазма савдо маркази” мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган “Кичик бизнес маҳсулотлари ва ускуналари” халқаро кўргазмаси иш бошлади.Унинг очилиш маросимида бозорларимиз тўкинлигини таъминлаётган ва рақобат муҳитини шакллантираётган кичик бизнес иқтисодиётимизнинг юқори суръатлар билан янада ривожланишига кўмаклашаётгани таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари учун рағбат бўлиб хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда ўтказилаётган халқаро кўргазмалар бу борада муҳим аҳамият касб этаётир. Иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қулай инвестиция муҳитини шакллантиришга қаратилган ушбу кўргазмаларда Ўзбекистонда бизнесни ривожлантиришнинг кенг имкониятлари намойиш этилмоқда. “Кичик бизнес маҳсулотлари ва ускуналари” халқаро кўргазмаси ҳам бунинг ёрқин тасдиғидир.
Мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари стендлари кўргазмага келганларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Масалан, юртимизда ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик маҳсулотлари, табиий хомашёдан тайёрланган пойабзаллар юқори баҳоланмоқда.
Кўргазмада иштирок этаётган Хитой Халқ Республикасининг элликдан зиёд етакчи компанияси озиқ-овқат, мебель, тўқимачилик саноати товар ва ускуналари, қурилиш материаллари, электр жиҳозлар ва бошқа маҳсулотлар намуналарини намойиш этмоқда.
“Ўзбек-Хитой савдо уйи” компаниялари гуруҳи кўргазманинг фаол иштирокчиларидан биридир. Мазкур гуруҳнинг асосий фаолияти технологик ускуналар ҳақида маълумотлар топишга кўмаклашиш, мамлакатимизга келтириладиган юкларни етказиб беришни ташкил этиш, туризм, логистика, консалтинг, лизинг ва бошқа хизмат турларини тақдим этишга қаратилган.
Автомобиль, йўл чироқлари ва қуёш энергиясида ишлайдиган бошқа приборлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Хуаньде” компанияси стенди ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда. Бу ерда қуёш панеллари, телефон қувват олиш қурилмалари, болалар ўйинчоқлари билан танишиш мумкин.
Кўргазма доирасида давра суҳбатлари, тақдимотлар, маҳорат сабоқлари ва амалий музокаралар ташкил этилади.