Хотин-қизлар тадбиркорлиги ривожланмоқда
Мамлакатимизда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, ишбилармон, ташаббускор аёлларнинг ғоя ва интилишларини қўллаб-қувватлаш, касаначилик асосида янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда
Мамлакатимизда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, ишбилармон, ташаббускор аёлларнинг ғоя ва интилишларини қўллаб-қувватлаш, касаначилик асосида янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонуни ҳамда Биринчи Президентимизнинг 2004 йил 25 майдаги “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бунда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжатлар ижроси доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида фаолият юритаётган аёллар, оилавий тадбиркорлар сафи йилдан-йилга кенгаймоқда.
Андижон вилоятида 5 мингдан зиёд тадбиркор, ҳунарманд ва касаначи хотин-қизлар фаолият юритмоқда. Тадбиркор хотин-қизларга амалий ёрдам кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқий, иқтисодий билимини бойитиш мақсадида турли тадбирлар, давра суҳбатлари, ўқув семинарлари ўтказилаётир. Бизнесни ташкил этиш, ҳужжат юритиш, солиқ имтиёзлари, кредит олиш бўйича мутахассислар томонидан зарур маслаҳатлар берилмоқда.
– “Микрокредитбанк”нинг Асака филиалидан имтиёзли кредит олиб, ўзим яшаётган маҳаллада тикувчилик корхонаси ташкил этдим, – дейди Асака тумани Бобур номидаги маҳаллада яшовчи ёш тадбиркор Н.Жўраева. – Тўн, чорси сингари миллий либослар тикилаётган корхонамизда 4 нафар хотин-қиз меҳнат қилмоқда.
2016 йилнинг ўтган тўққиз ойида турли молиявий манбалар ҳисобидан 2 минг 835 тадбиркор аёлга ва таркибида 50 фоиздан зиёд хотин-қизлар фаолият кўрсатаётган корхоналарга 128 миллиард 346 миллион сўм кредит ажратилди. Хотин-қизлар учун яратилган 25 мингдан зиёд янги иш ўринларининг асосий қисми айнан шу кредитлар ҳисобидан ташкил этилди.
– Мамлакатимизда биз, тадбиркорларга кенг имконият ва имтиёзлар яратилмоқда, – дейди Андижон туманидаги “Агропродуктэкспорт агрофирмаси” масъулияти чекланган жамияти раҳбари О.Саидова. – Президентимизнинг 2016 йил 5 октябрдаги "Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони ҳам бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширди. Корхонамиз аҳоли, деҳқон ва фермер хўжаликларидан мева-сабзавот харид қилиб, хорижга экспорт қилиш билан шуғулланади. Мевани қишда ҳам аҳолига сифатли ва табиий холда етказиб бериш, бозорда нарх-наво барқарорлигини таъминлашга ҳисса қўшиш мақсадида “Халқ банки”нинг Куйганёр бўлимидан 85 миллион сўм кредит олиб, 100 тонна сиғимга эга музлатгични ишга туширдик. Натижада 15 янги иш ўрни яратилди.
Шаҳрихон туманидаги “Иномжон Файз” чорвачилик фермер хўжалигининг сутни қайта ишлаш корхонасида сут, қатиқ, қаймоқ, кефир, сметана каби 12 турдаги сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Вилоят ҳокимлиги кўмаги билан ажратилган имтиёзли кредит ҳисобидан хўжалик Германия ва Голландия давлатларидан 200 бош наслли қорамол келтирди. Бу ишлаб чиқариш ҳажми ва маҳсулот турини ошириш имконини берди. Маҳсулотлар савдо ташкилотлари орқали аҳолига етказиб берилмоқда. 2017 йилдан Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон давлатларига ҳам маҳсулот экспорт қилиш бўйича шартномалар тузилди.
– Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш мақсадида хўжалигимизда тикувчилик цехи ташкил қилдик, – дейди “Иномжон Файз” фермер хўжалиги раҳбари О.Отахонова. – Натижада хўжалигимиз ишчи-хизматчилари 120 нафарга етди. Уларнинг аксарияти қишлоқ аёллари, касб-ҳунар коллежларини битирган қизлар.
Вилоятда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган ёшларни қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Битирувчи қизларни тадбиркорликка жалб этиш мақсадида таълим муассасаларида семинар ва учрашувлар, “Тадбиркор – элга мададкор”, “Менинг бизнес лойиҳам” сингари қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Бу йил касб-ҳунар коллежларини битирган 363 қизга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун 3 миллиард 761 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди.
– “Микрокредитбанк”нинг туман бўлимидан 6 миллион 500 минг сўм имтиёзли кредит олиб, уйда тикувчиликни йўлга қўйдим, – дейди Андижон тумани маиший хизмат касб-ҳунар коллежи битирувчиси У.Миркомилова. – Икки тенгдошим билан буюртма асосида болалар ва аёллар либоси, ўқувчилар формаси тикмоқдамиз.
Корхона ва маҳаллаларда касаначиликни, айниқса, “устоз-шогирд” анъанаси асосида ҳунармандликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кўплаб уй бекалари, ҳунар ўрганиш истагидаги қизлар шу асосда касб-ҳунарли бўлиб, оилаларига қўшимча даромад келтираётир.
Буларнинг барчаси мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, хотин-қизлар ва ёшларни тадбиркорликка жалб этиш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар самарасидир.