Хорижлик ҳамкорлар сафи кенгаймоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан шу йил 16 январда Республика ҳукуматининг мажлисида 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари белгилаб берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан шу йил 16 январда Республика ҳукуматининг мажлисида 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари белгилаб берилди.Фарғона вилоятида бугунги кунда 638 енгил саноат корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 42 таси қўшма корхона бўлиб, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ўттиздан ортиқ давлатга экспорт қилинмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида қулай инвестиция муҳитини яратишга қаратилаётган эътибор туфайли енгил саноат иқтисодиётимизнинг етакчи тармоқларидан бирига айланмоқда. Фарғона вилоятидаги енгил саноат корхоналари жорий йилнинг ўтган даврида 204,7 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилди.
Ҳудудий корхоналар томонидан йилига ўртача 86-90 минг тонна тола қайта ишланиб, 70 минг тонна ип-калава ишлаб чиқарилмоқда. Енгил саноат корхоналарида маҳсулот турини кўпайтириш бўйича аниқ мақсадли дастур ишлаб чиқилган бўлиб, ўтган тўққиз ойда 27 турдаги янги маҳсулот тайёрлаш ўзлаштирилди.“Daewoo Textile Fergana”, “Қува текстили”, “Наримтекс”, “А. Акбарали” каби корхоналар, айниқса, самарали фаолият кўрсатмоқда.
Қўқон шаҳридаги “Индорама Қўқон текстиль” Ўзбекистон – Сингапур қўшма корхонасида маҳаллий толадан халқаро стандартларга мос, сифатли ип-калава ишлаб чиқарилаётир. Бу ерда 2010-2014 йилларда 100 миллион долларга яқин инвестиция ўзлаштирилиши ҳисобидан йилига 16,5 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш имконини берадиган қўшимча қувватлар ишга туширилди, мингга яқин янги иш ўрни яратилди.
– Ўзбекистон пахтасининг сифати жуда юқори, – дейди “Индорама Қўқон текстиль” қўшма корхонаси директори Деепак Рена. – Бу жаҳон стандартлари даражасида ип-калава тайёрлашимизда қўл келмоқда. Айни пайтда маҳсулотларимиз 23 давлатга экспорт қилинаётир. Яратилаётган қулай шароит ва сармоявий муҳит туфайли фаолиятимизни янада ривожлантириш мақсадида янги лойиҳалар устида иш олиб бормоқдамиз.
Тошкент шаҳрида 15-16 октябрь кунлари ташкил этилган XI Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасида ушбу қўшма корхона 55 миллион долларлик шартнома тузди.