Хорижда ҳам харидоргир маҳсулотлар
Фарғона вилоятида иқтисодиётни таркибий ўзгартириш, саноат тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Фарғона вилоятида иқтисодиётни таркибий ўзгартириш, саноат тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳудудий инвестиция дастурига кўра, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда 139,9 миллиард сўмлик инвестиция жалб этилиб, 43 истиқболли лойиҳа амалга оширилди.Президентимизнинг шу йил 21 июндаги "Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлаётир.
Вилоятдаги тадбиркорлик субъектлари ва корхоналар томонидан мева-сабзавотлар экспортини оширишга қаратилаётган эътибор юксак самара бермоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 360 дан ортиқ янги корхона экспорт фаолиятига жалб қилинди, 120 дан ортиқ маҳсулотларнинг экспорт қилиниши ўзлаштирилди, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, минерал ўғитлар, енгил автомобиллар ва ташқи бозорда талаб юқори бўлган бошқа маҳсулотларнинг экспорт ҳажми сезиларли даражада ортди.
Данғара туманида ўз маҳсулоти билан халқаро бозорда мустаҳкам ўрин эгаллаётган корхоналар кўп. Бир пайтлар саноати қолоқ бўлган туманда 10 дан ортиқ экспорт қилувчи корхона фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 2 миллион долларлик маҳсулот хорижга сотилди. Бунда “Мусавартекс” Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонаси, “Имкон”, “Милорд-Н”, “Чинобод парранда”, “Азия чина шойс” каби корхоналарнинг алоҳида ўрни бор.
“Имкон” ишлаб чиқариш корхонасининг экспорт салоҳияти йилдан-йилга ортмоқда. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган корхонада пластмасса маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
– Мамлакатимизда экспорт қилувчи корхоналарнинг ташқи бозордаги рақобатбардошлигини таъминлаш ва экспорт учун қўшимча омиллар яратишда уларни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олингани, экспорт қилувчи корхоналарга имтиёзли кредитлар ажратилиб, солиқ имтиёзлари берилаётгани фаолиятимизни юксалтиришда муҳим омил бўлаётир, – дейди “Имкон” ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари Аббос Холмирзаев. – Ана шу имкониятлардан кенг фойдаланиб, хорижлик буюртмачиларга халқаро талабларга мос маҳсулотлар тайёрлаб бермоқдамиз. Жорий йилнинг ўтган даврида 250 минг долларлик маҳсулот экспорт қилдик.
Мухтасар айтганда, қишлоқ ҳудудларида ташкил этилаётган саноат корхоналари жойларда бандликни таъминлаш ва иқтисодий самарадорликни ошириш билан бирга, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.