Хизмат кўрсатиш сифати юксалмоқда
Жиззах вилоятида 2014 йилда ташкил этилган 700 хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчасининг 418 таси қишлоқ жойларда барпо этилди.
Жиззах вилоятида 2014 йилда ташкил этилган 700 хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчасининг 418 таси қишлоқ жойларда барпо этилди.Президентимизнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида хизмат кўрсатиш соҳаси иқтисодиётимизни барқарор ривожлантиришнинг энг муҳим манбаи ва омили экани алоҳида таъкидланди.
Хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасидаги лойиҳаларнинг амалга оширилиши қишлоқда турмуш фаровонлигини юксалтириш билан бирга, аҳолининг кундалик эҳтиёжларини қондиришда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугун бу соҳа илгаригидек, қишлоқдаги ягона сартарошхона ёки телевизор тузатиш устахонаси эмас, балки замонавий алоқа, ахборот-коммуникация технологиялари, меҳмонхона, ресторан ва бошқа кўплаб хизматлар мажмуини англатади.
– Илгари қишлоғимизда оддий телевизор тузатиш устахонаси ҳам бўлмаганидан туман марказига боришга мажбур эдик, – дейди Ғаллаорол тумани Гулистон қишлоғида яшовчи меҳнат фахрийси Исоқул ота Ҳайитбоев. – Сочи ўсган киши телевизорининг бузилишини, телевизори бузилган киши сочининг ўсишини кутиб юрган пайтлар ҳам бўлган. Бугунги ёшларга шуни айтсанг, латифа қилманг, дейишади. Чунки ҳозир ҳудудимизда сартарошхона, "Гўзаллик салони"дан иборат олтита маиший хизмат кўрсатиш, 8 савдо шохобчаси, 4 тикувчилик цехи, телевизор тузатиш устахонаси ишлаб турибди-да. Наврўз байрамигача интернет-кафе ҳам ишлай бошлайди.
Президентимизнинг 2013 йил 17 апрелдаги “2013-2016 йилларда қишлоқ жойларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини жадал ривожлантириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ вилоятда 2013-2016 йилларда 2 минг 392 хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчаси ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу қарор доирасида ўтган йили хизмат кўрсатиш ва сервис йўналишида 51,6 миллиард сўмлик 196 савдо ва умумий овқатланиш, 30 молия хизматлари, 6 туризм соҳаси, 438 маиший хизмат кўрсатиш, 194 бошқа хизматлар бўйича лойиҳалар амалга оширилди. Бунинг самарасида 1 минг 800 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Ушбу мақсадлар учун тижорат банкларининг 11,3 миллиард сўмлик кредит маблағи ажратилди.
Жиззах шаҳрида 12, туман марказларида биттадан маданий дам олиш хиёбони барпо этилди. Арнасой, Бахмал, Зарбдор туманлари ва Жиззах шаҳрида биттадан тўйхона мажмуаси, Жиззах, Зомин, Мирзачўл, Фориш туманлари ҳамда Жиззах шаҳрида 14 болалар спорт майдончаси қурилди.
Бундай лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида аёлларга қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда 2014 йилда вилоятда 31 замонавий “Гўзаллик салони” қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Қишлоқларда намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойларга талаб йилдан-йилга ортмоқда. Бунда янги массивларда барпо этилаётган замонавий инфратузилма иншоотлари, хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари муҳим омил бўлмоқда. Ўтган йили вилоятда ана шундай массивларда 3 нон цехи, 3 маиший хизмат кўрсатиш, 2 савдо мажмуаси, 2 гузар ва 2 савдо ярмаркаси қурилди.
– Хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасининг ривожланиши аҳолига катта қулайлик яратмоқда, – дейди вилоят ҳокимлигининг ахборот-таҳлил гуруҳи раҳбари Исмадиёр Оролов. – Ўтган йил якунларига кўра, вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотида хизматларнинг улуши 38,7 фоизга етди. Аҳоли жон бошига хизмат кўрсатиш ҳажми 1 миллион 347 минг сўмни ташкил этиб, 2010 йилга нисбатан 2,9 баробар кўпайди.
Ушбу соҳанинг кўлами фақат кўрсатилаётган хизматлар ҳажми билан эмас, турларининг кўпайиши билан ҳам кенгайиб бораётир. Жумладан, ўтган йили ахборот-коммуникация технологиялари, туризм каби соҳаларда 12 турдаги янги хизмат жорий этилди. Шу ҳисобдан 257,3 миллиард сўмлик қўшимча хизматлар кўрсатилди.
Кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш ва кўламини кенгайтириш мақсадида 2015 йилда 65,2 миллиард сўмлик 645 иншоотни ишга тушириш мўлжалланмоқда. Жумладан, 180 савдо ва умумий овқатланиш шохобчаси, 22 молия хизмати, 5 туризм соҳаси, 348 маиший хизмат кўрсатиш, 90 бошқа хизматлар бўйича лойиҳалар амалга оширилади.
Жорий йилда, шунингдек, ҳар бир туманда тўрттадан, Жиззах шаҳрида 12 “Гўзаллик салони” ишга туширилиши режалаштирилган. Туризм соҳасида хизмат кўрсатишнинг янги турлари кенг йўлга қўйилади. Хусусан, фольклор-этнографик, тарихий-илмий, балиқчилик, ов, сув, орнитологик туризм каби янги йўналишлар ташкил этилади.
Табиийки, хизмат кўрсатиш шохобчаларининг кўпайиши рақобатнинг ошиши ва хизмат сифатининг яхшиланишига олиб келмоқда. Тадбиркорлар иншооту шароитлар, хизмат сифати ҳам, аввало, мижоз талаби даражасида бўлишини таъминлашга ҳаракат қилаётир. Шу боис хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасидаги ишлар ҳажмини кўпайтириш билан бирга, унинг сифатини яхшилашга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Бу вазифанинг изчил амалга оширилиши янги иш ўринлари яратиш, аҳоли турмуш фаровонлиги ва маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.