КХДР Россияга яна минглаб аскар юборяптими?
Президент Владимир Зеленский Россия ўз ҳудудига яна Шимолий Корея ҳарбийларини жойлаштиришга тайёргарлик кўраётганини айтди. Маълум қилинишича, Пхеньян Москвага қўшимча баллистик ракета ҳам етказиб берган. Бу маълумотни тасдиқловчи далил ёки янги қўшин юборилиши муддати келтирилмаган. Украина етакчиси дам олиш кунлари РФ ҳудудига 30-50 минг оралиғида КХДР фуқароси юборилиши бўйича қарор қабул қилинганини айтган эди.
Таъкидланишича, Россия армияси энди “Шимолий Корея ёрдамисиз” уруша олмайди.
Шунингдек, Киев раҳбари Япония ва Жанубий Кореяни Украинага ҳаво мудофааси воситалари етказиб беришга чақирди. Унинг фикрича, корейслар руслар томонида туриб жанг тажрибасини орттиряпти. Айни ҳолат КХДРнинг ҳарбий салоҳиятини кучайтириши мумкин. Қўшимча куч ҳақидаги даъво ҳозирча мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган.
Москва ва Пхеньян ўртасидаги ҳарбий алоқа 2024 йил июнда Владимир Путин ва Ким Чен Ин ўзаро мудофаа тўғрисида шартнома имзолагандан кейин янада кучайди. Ўша йил охирида корейс ҳарбийлари Курск вилоятидаги қарши ҳужумда қатнашди. Жанубий Корея разведка хизмати маълумотида жанг пайти қарийб 4 700 шимолий кореялик ҳалок бўлгани ёки яралангани, улардан тахминан 2 000 нафари 2025 йил январь-март ойларида ватанига қайтарилгани келтирилган.
Шимолий Корея кейинчалик Курскда Россияга ёрдам бериш учун ҳарбийлар юборилганини биринчи марта расман тасдиқлади. Жанубий Корея Бирлашув вазирлиги эса КХДР иқтисодиётида ҳам тикланиш белгилари пайдо бўлаётганини қайд этган. Таҳлилчилар бу ҳолатни икки давлат савдо ва ҳарбий ҳамкорлиги кучайиши билан боғламоқда. Экспертлар баҳосига кўра, КХДР РФга ҳарбий ва ўқ-дори етказиб бериш эвазига иқтисодий ёрдам ҳамда ҳарбий технология олаётган бўлиши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА