Халқаро кўргазма муваффақиятли ўтди
Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида STEAM Fest биринчи халқаро фестивали бўлиб ўтди.
Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида STEAM Fest биринчи халқаро фестивали бўлиб ўтди.
Биринчи халқаро замонавий таълим усуллари фестивали Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги кўмагида Нодавлат таълим муассасалари ассоциацияси томонидан ўтказилди. Тадбир ҳамкорлари MIND Champ (Ўзбекистон) ва New Generation (Украина) ташкилотлари бўлди.
Фестивални ўтказишдан асосий мақсад ёшлар орасида табиий фанларни кенг тарғиб қилиш ҳамда STEAM (Science – фан, Technology –технология, Engineering – муҳандислик, Art – санъат, Math – математика) таълими соҳасидаги хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганишни таъминлашдан иборат эди.

STEAM тизимининг мақсади – ўқувчилар тафаккурини ривожлантириш ҳамда уларни фан, технология, муҳандислик, математика ва санъат каби фанлардан олган билимларини самарали қўллашга ўргатишдан иборат. Шу билан бирга, STEAM таълими мураккаб ўқув лойиҳаларини амалга оширишда фанларни ўзаро уйғунликда ўрганиш имконини беради.
STEAM Fest фестивалида Тошкент шаҳридаги энг яхши нодавлат таълим муассасалари, замонавий ўқув дастурлари муаллифлари ҳамда STEAM таълим йўналиши бўйича фикр билдирувчи хорижий компаниялар иштирок этди. Фестиваль иштирокчилари орасида GIGO (Россия), Robolab (Беларусь Республикаси), Lego Edu (Қозоғистон), Крутая Наука (Украина) каби хорижий компания вакиллари ҳам ўз тузилмалари фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди.
Фестиваль икки йўналишда ўтказилди. Хорижлик ва маҳаллий мутахассислар STEAM, 3D-технологиялар ва робототехника ёрдамида ёшларнинг танқидий фикрлаш кўникмаларини шакллантириш, таълимда интернет ресурсларидан фойдаланиш каби мавзуларда маърузалар тақдим этди.

Ташкилотчилар томонидан фестиваль доирасида болалар учун ҳам STEAMнинг турли йўналишлари бўйича элликдан ортиқ маҳорат дарслари ўтилди. Мазкур маҳорат дарслари ёш авлодга билим олиш ва янгиликка интилиш қизиқарли ҳамда мароқли бўлишини амалда кўрсатди.
Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг таъкидлашича, бундай тадбирлар ўқувчиларга билим олиш қизиқарли бўлишини кўрсатади ва уларнинг таълим олишга иштиёқини оширади. Ўқитувчилар учун эса таълим беришнинг замонавий ва қизиқарли усулларини ўзлаштиришга кўмак беради.